Статья
Изчил ислоҳот – тараққиёт гарови
Диёримизда баҳоловчи касби қадимдан қадрлаб келинган. Баҳоловчиларга турмушнинг барча жабҳаларида мурожаат этилган, уларнинг хизматларидан амалиётда кенг фойдаланилган. Аждодларимиз баҳоловчиларни “наққод” деб аташган. Бу арабча сўз бўлиб, нарсалар ва буюмларнинг асл ёки ноасллигини аниқлаш салоҳиятига, сарагини саракка, пучагини пучакка ажрата олиш малакасига эга мутахассис деган маънони англатган. Ушбу касб эгаларининг асосий вазифаси баҳолашга тақдим этилган буюмларни барча мезонларни инобатга олган ҳолда баҳолаб беришдан иборат бўлган.
Баҳолаш фаолияти бир қатор соҳавий йўналишларга бўлинган. Хусусан, олтин ва кумушнинг сара-носаралигини, софлик даражасини, яъни пробаси ва баҳосини аниқловчи ҳунар эгалари “соҳиби иёр”, қимматбаҳо тошлар қийматини, табиий ёки табиий эмаслигини аниқлайдиган, бирор нарсанинг қадр-қимматига ета оладиган, унга нозик дид билан баҳо бера оладиган мутахассислар “жавҳарий” деб аталганлар.
Таҳлилларга кўра, юртимизда баҳолаш соҳасининг айнан шу йўналиши – қимматбаҳо металлар, улардан ясалган заргарлик буюмлари ва уларга ўрнатилган қимматбаҳо тошларни идентификация қилиш ва баҳолаш бўйича бой малакага эга мутахассислар етишмовчилиги кузатилмоқда. Ишончимиз комилки, ана шундай бир вазиятда 2018 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани ҳадемай мазкур йўналиш ҳам янада равнақ топишига туртки бўлади. Бу, ўз навбатида, уни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни, соҳавий олий таълим даргоҳларида махсус ўқув курслари очишни, ҳудудларда геммологик лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш ва уларни жиҳозлашни, халқаро геммология институтлари қошидаги лабораториялар билан ҳамкорлик ўрнатишни, мутахассисларнинг хорижда амалиёт ўташини ташкиллаштиришни, илмий-тадқиқот ишлари олиб боришни, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни тақозо этади. Бинобарин, бизнинг “Veritas” масъулияти чекланган жамиятимиз мазкур соҳа мутахассисларини тайёрлаш, барча зарурий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланган кичик лаборатория ташкил этиш борасида сезиларли ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, мутахассисларимиз томонидан қисқа фурсатда ўзбек тилида бир нечта методик қўлланма ва техник шартлар ишлаб чиқилди. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, “Фианит”, “Беруний: “Минералогия” – қомусий асар”, “Олмос: унинг вужудга келиши ва қўлланилиши”, “Муассанит”, “Рубин ва сапфир”, “Берилл оиласига мансуб қимматбаҳо тошлар”, “Кварц – халцедон” ва “Органик тошлар” номли методик қўлланмалар, “Бриллиантлар – Техник талаблар”, “Ишлов берилган табиий зумрадлар – Техник шартлар”, “Ишлов берилган табиий рубинлар – Техник шартлар” ва “Ишлов берилган табиий сапфирлар – Техник шартлар” тайёрланди.
Мутахассисларимиз соҳа йўналишида ишлаб чиқилаётган Миллий баҳолаш стандартлари лойиҳалари муҳокамаларида ҳам фаол иштирок этиб, қабул қилинаётган стандартларни янада такомиллаштириш, энг асосийси, уларни амалиётда осон қўлланишини, оддий фойдаланувчига ҳам тушунарли бўлишини таъминлаш, турлича талқин ва ёндашувларга ҳожат қолдирмаслик юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб боришмоқда. Мунтазам равишда ўтказилаётган касбий тайёргарлик машғулотларида эса соҳавий йўналишда ҳамда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда рўй бераётган ўзгаришлар, юртимиздаги туб ислоҳотлар ҳақида тушунчалар бермоқдалар. Шунингдек, жамоамиз ходимлари давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган тезислардан келиб чиққан ҳолда, хорижий баҳолаш ташкилотлари, геммология институтлари, ассоциациялари ва лабораториялари томонидан соҳанинг долзарб муаммоларига бағишлаб ўтказилаётган вебсеминарларда қатнашмоқдалар.
Компаниямиз мутахассислари тайёрлаган барча турдаги активларни баҳолаш бўйича автоматлаштирилган дастурий ишланма амалиётда кенг қўлланилаяпти. У амалга оширилаётган баҳолаш ишларини таҳлил қилиш ва саралашда, камчиликларга йўл қўймасликда ва юзага келиши эҳтимоли бор хавфларнинг олдини олишда жуда қўл келяпти. Хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида компаниямиз томонидан Veritas.uz сайти ишга туширилиб, мижозларга онлайн масофавий баҳолаш хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Айни кезларда онлайн хизмат турларини янада кўпайтириш ва сайт саҳифаларини такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Биз нафақат заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо тошларни, балки барча турдаги мулкларни – кўчмас мулк объектлари, автотранспорт воситалари, технологик ускуналар, нотариал расмийлаштирув амалиётлари учун корхонанинг мулкий комплекс сифатида бизнесини, акцияларни ва улушларни баҳолаш ишларини ҳам амалга оширяпмиз. Шунга кўра, “Veritas” МЧЖ баҳолаш ва консалтинг хизматларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан республика профессионал баҳолаш хизмати бозоридаги етакчи компанияларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бундай эътирофга у баҳолаш ва консалтинг бозори сегментида миллий ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ кенг қамровли хизматлар кўрсатиб келаётгани, чунончи, молиявий ҳисобот тузиш, миллий молиявий ҳисоботларни халқаро бухгалтерия ҳисоби андозаларига трансформация қилиш, хўжалик субъектларини молиявий-ҳисобот фаолиятини таҳлил этиш хизматларини таклиф қилаётгани эвазига сазовор бўлмоқда. Шубҳасиз, бу далиллар компаниямиз замон билан ҳамнафас тарзда ривожланиб бораётганидан, тобора такомиллашаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар сафидан мустаҳкам ўрин олаётганидан далолат беради. Эндиликда у МДҲ ва Европа мамлакатлари, сирасини айтганда, халқаро бозор сегментларида ҳам ўз ўрнини топишга интилмоқда ва қисман бунга эришди ҳам, десак муболаға бўлмайди. Масалан, компанимиз HLB International (Буюк Британия) халқаро аудиторлик ва консалтинг хизматлари кўрсатиш ташкилоти томонидан тан олиниб, ушбу ташкилот тармоғининг тенг ҳуқуқли аъзолигига қабул қилинди. Биз бундай муваффақиятларга ўз ишининг ҳақиқий усталари – кўп йиллик амалий тажриба, юқори малака ва касбий кўникмага эга етук мутахссислар ёрдамида ва бевосита иштирокида эришдик. Зеро, жамоамиз ходимлари сафида RICS (Royal Institution of Chartered Surveyors) сертификатига эга мутахассислар меҳнат қилаётгани баҳолаш ишлари халқаро андозаларга мос равишда амалга оширилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Биз Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасига жавобан иш режамизни қайта кўриб чиқиб, уни янада такомиллаштирамиз. Сўнгра инновацион ёндашув асосида фаолият юритишга ўтамиз. Шу тариқа соҳа ривожига, юртимиз тараққиётига баҳоли қудрат ҳисса қўшишга интиламиз.
Илёс КАДИРОВ,
“Veritas” МЧЖ баҳоловчи эксперти.
23.01.2018
http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/53696-izchil-islohot--taraqqiyot-garov