Зар қадрини заргардан сўранг ёхуд бриллиантларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш асослари
Бугунги кунда баҳолаш ва консалтинг хизматидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар “Veritas” масъулияти чекланган жамиятини жуда яхши билишади. Фақат шу билангина кифояланиб қолмай, уни республика профессионал баҳолаш хизмати бозоридаги етакчи компанияларидан бири сифатида тилга олишади. Корхона бундай эътирофга баҳолаш ва консалтинг бозори сегментида мижозларга миллий ва халқаро стандартлар талабларига монанд кенг қамровли хизматлар кўрсатаётгани туфайли эришмоқда.
Зеро, айни кезларда компания, биринчидан, молиявий ҳисобот тузиш, миллий молиявий ҳисоботларни халқаро бухгалтерия стандартларига трансформация қилиш, хўжалик субъектларининг молиявий-ҳисобот фаолияти таҳлилини ўтказиш хизматларини таклиф этмоқда. Иккинчидан, барча турдаги мулклар – автотранспорт воситалари, турли-туман маиший техника, компьютер қурилмаларини нархлаш ҳамда аудит хулосаларини тайёрлаш, импорт ва экспорт контрактларини экспертизадан ўтказиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиб, тегишли давлат идораларида расмийлаштирувдан ўтказиш хизматларини кўрсатмоқда.
Масаланинг диққатга сазовор яна бир жиҳати шундаки, айни пайтга келиб компанияда қимматбаҳо металларни, улардан ясалган заргарлик буюмларини ва уларга ўрнатилган қимматбаҳо тошларни, нумизматика ашёларини, орден-медалларни идентификация қилиш ҳамда баҳолаш борасида бой тажриба ва малакага эга мутахассислар жамланган. Бундан ташқари, ходимларни мазкур йўналиш бўйича ўқитиш ишлари ҳам изчил йўлга қўйилган.
Биз замондошларимиз талабларини ҳисобга олиб, қуйида кўпчилик учун анча қизиқарли масала – бриллиантларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш асослари ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтишни лозим топдик. “Бриллиант” французча сўз бўлиб, ўзбек тилда “ёлқин”, “нур таратувчи”, “жилваланувчи” маъноларини англатади. 17 тадан кам бўлмаган тарошланган қирралари бор, сайқал ва ишлов берилган табиий олмосга нисбатан ишлатилади.
Бриллиантнинг баҳолаш мезонларини аниқлашдан аввал уни идентификациядан ўтказиб, табиий, яхшиланган ёки синтетик эканлигини билиб олиш лозим. Бриллиантларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш жараёнлари эса бир-бирига узвий боғлиқ бўлган, изчил равишда амалга ошириладиган бир нечта босқичдан иборат.
Биринчи босқичда тошларнинг тарошланиш шакли, тури, қирралари сони ҳамда тарошлаш сифати аниқланади.
Иккинчи босқичда тошларнинг жами сони, уларнинг қимматбаҳо тошларни, бриллиантларни тортишда қўлланиладиган карат ўлчов бирлигидаги умумий вазни аниқланади. Буюмларга ўрнатилмаган тошларнинг вазни 0,001 карат аниқлик ўлчовига эга электрон тарози воситасида аниқланади, ўрнатилган тошлар вазни эса ўзига хос формулалар ёрдамида ҳисоблаб чиқарилади. Буюмга ўрнатилган бриллиантлар аксарият ҳолларда махсус асбоб – каратомер ёки левиридж ёрдамида ўлчанади.
Учинчи босқичда бриллиантларнинг ранг гуруҳи белгиланади. Бу иш D55 – D65 ёруғлик характеристикасига эга стандарт сунъий ёруғлик манбаси тарқатиш лампаси ёрдамида, нейтрал оқ фонда эталон бриллиантларга қиёслаш орқали кўриш қобилияти меъёрида бўлган юқори малакали мутахассис томонидан амалга оширилади. Бриллиантлар ранги махсус қоғоз воситасида текширилади. Текшириш ўтказилаётган хона тўғридан-тўғри тушадиган қуёш нурларидан ҳимояланиши, деворлари оч кулранг тусда, баҳоловчининг уст-боши нейтрал рангда бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Тош ён томондан махсус қоғознинг нишабига ётқизилган ҳолда кўздан кечирилади.
Тўртинчи босқичда бриллиантнинг тозалик гуруҳи аниқланади. Бу иш 10х лупаси ҳамда D55 – D65 ёруғлик характеристикасига эга стандарт сунъий ёруғлик манбаси тарқатиш лампаси ёрдамида кўриш қобилияти меъёрида бўлган ёки кўриш қобилияти оптик кўзойнаклар воситасида меъёрга келтирилган юқори малакали мутахассис томонидан амалга оширилади.
Баҳолаш асноси қатор параметрлар ҳам назоратдан ўтказилиши ва инобатга олиниши зарур. Бунда бриллиантларнинг шакли, куррасимонлиги, супасининг ўлчамлари, рундистининг баландлиги, калеттанинг мавжудлиги ва унинг ўлчами, калетта ва супа марказининг бриллиант ўқидан силжиганлиги, пастки ва устки бурчак нишабларининг талабларга мувофиқлиги, бриллиантларнинг ёндош қирраларини ажратиб турувчи линиянинг текислиги, бриллиант супаси ва рундист оралиғидаги қирралар баландлиги, микродарзлар бор-йўқлиги, бриллиант сатҳининг тозалиги ҳамда найфларнинг мавжудлиги, тозалик ва ранг гуруҳлари визуль тарзда қайд этилади.
Бу ишлар тугагандан сўнг якуний босқичга ўтилади. Унда баҳолашга тақдим этилган бриллиантнинг тавсифи шартли равишда қуйидаги тартибда қайд этилади: 1 Кр-57-0,51-1/3А. Демак, шартли равишда баҳолашга 1 (бир) дона, эллик етти қиррали, куррасимон тарошлаш шаклига эга, вазни 0,51 карат бўлган, 1-тозалик гуруҳига ва 3-ранг гуруҳига, “А” геометрик параметрига эга бриллиант тақдим этилган. Қайд этилган тавсифларни инобатга олиб, бриллиантнинг баҳоси формулар ёрдамида прейскурантларда кўрсатилган карат нархидан келиб чиқиб аниқланади.
Юқорида тилга олинган жараёнлар ихлосмандлар учун амалда янада теранроқ маъно кашф этиши учун яқин кунларда “Veritas” компанияси ўз офисида маҳорат дарслари ўтказишни режалаштирган. Шунингдек, жорий йилдан эътиборан заргарлик буюмларига ўрнатилган қимматбаҳо тошларни сертификациялаш бўйича янги хизмат тури жорий этилганини маълум қилади.
И.КАДИРОВ,
“Veritas” МЧЖнинг заргарлик буюмларини баҳолаш бўйича эксперти.
http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/54398--zar-qadrini-zargardan-surang