Муассанитми ёки майсонит?

“Veritas” масъулияти чекланган жамиятининг юқори малакали ва ташаббускор мутахассислари жамоаси тез суръатларда ривожланаётган баҳолаш компанияси сифатида мамлакатимизда танилиб улгурди. Айниқса, компания фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мижозларга малакали ва сифатли баҳолаш – консалтинг хизматлари кўрсатишни ўзининг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Мижозлар томонидан берилган саволларга доимий равишда Veritas.uz сайти орқали жавоб бериш ҳам йўлга қўйилган. Қолаверса, эндиликда мижозларни қизиқтирган саволларга оммавий нашрлар орқали ҳам жавоб беришга ҳаракат қилмоқчимиз. Бугун эса мижозлар томонидан йўлланган “Муассанитми ёки майсонит”, деган саволга қисқача жавоб бермоқчимиз.

Охирги йилларда дунё заргарлик бозорларини муассанит номли тошлар эгаллай бошлади. Бунга асосий сабаблардан бири заргарлик саноати тез суръатларда ривожланиб бораётганлиги бўлса, охир-оқибат заргарлик буюмларига ўрнатилаётган табиий қимматбаҳо тошларнинг баҳоси юқорилиги уларнинг харидоргирлигига салбий таъсир кўрсатаётганидир. Мутахассислар доирасида муассанитлар “бриллиант имитациялари ва синтетика” деб юритилади.

Бугунги кунда баъзи физик хоссалари бўйича брилллиантга ўхшаш ва заргарлик саноатида бошқа синтетик тош­ларга нисбатан кўпроқ истеъмолда бўлган тош муассанит ҳисобланади. Мутахассис бўлмаганлар уни адашиб майсонит деб атайдилар. Шу ўринда ҳақли савол туғилади – қай бири тўғри: муассанитми ёки майсонит? Биз муассанит деб ҳисоблаймиз. Нима учун? Аслини олганда муассанит синтетик тош эмас, балки табиий тош сифатида дунёда эътироф этилган. Унинг кимёвий формуласи SiC – кремний карбиди бўлиб, таркиб топган элементлари ер куррасида жудаям оз миқдорда учрайди. Ундаги элементлар қуёш тизими сайёралари атрофида кўп миқдорда учраши илмий исботланган.

Муассанит ерга коинотдан тушгани фараз қилинади.

1983 йилда Америка Қўшма Штатларининг Аризона штатидаги Де – Диабло каньонига тушган метеоритни ўрганиш давомида унинг таркибида кремний карбидининг кичик заррачаларидан ташкил топган минерал мавжудлиги аниқланди. Минерал француз кимёгари Фердинанд Фредерик Анри Муассан томонидан кашф қилинганлиги боис, унинг шарафига муассанит деб номланди.

Демак, бу тошни майсанит эмас, балки муассанит деб аташ тўғри бўлади. Қизиғи шундаки, муассанитнинг синтетик нусхаси унинг табиийси кашф этилгунга қадар синтезланиб, илмий оммага таништирилган. 1892 йилда америкалик кимёгар Эдвард Аченсон томонидан “Gree Research” лабораториясида кремний карбидини синтезлаш ишлари амалга оширилиб, ҳозирда заргарлик саноатида қўлланилаётган синтетик муассанит яратилди. Лекин дастлабки пайтда у тош муассанит деб аталмаган. Фақат машҳур “Tiffani & Co” заргарлик компания­си эксперт геммологи Джорж Кунцнинг таклифи билан бу тош А.Муассан шарафига унинг номи билан атала бошланди.

Ўша даврда ишлаб чиқарилган синтетик тошнинг ранги ҳозирги муассанитларнинг рангига нисбатан сариқроқ бўлган. Америка геммология институти (GIA) мезонлари бўйи­ча I ва J ранг гуруҳларига жавоб берган. Бу эса Россия тизими бўйича 4 ва 5 ранг гуруҳларига мос келган. Ҳозирги оқ ва шаффоф кўринишдаги ранги тоза муассанитлар “Charles & Сlovard created Moissanite” савдо белгиси остида 1998 йилдан буён тайёрланмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, мазкур минерал ер куррасида табиий кўринишда жуда кам миқдорда учрайди ва унинг диаметри жуда майда бўлиб, 2–3 мм катталикдаги донсимон заррачалардан иборат. Шу сабабли уларни тарошлаш имкони мавжуд эмас. Шу кунга қадар энг йирик муассанит Исроилда геолог Ишфое Нием раҳбарлик қилаётган олмос қазиб олиш билан шуғулланувчи компания томонидан топилган. Унинг диаметри 4,10 ммга тенг.

Юқорида баён этилганларни инобатга олган ҳолда муассанитларни идентификация қилишда эътибор берилиши лозим бўлган баъзи жиҳатлар тўғрисида маълумот беришни лозим деб ҳисоблаймиз. Биринчидан, муассанитнинг рундисти сайқалланган, бриллиантники эса ғализ, сайқалланмаган бўлади. Муассанитнинг нур қайтариш хусусияти жуда юқори бўлганлиги боис аксарият ҳолларда ёпиқ гардишга ўрнатилади.

Иккинчидан, қаттиқлиги Моос шкаласи бўйича 9,25 баллга, бриллиантники эса 10 баллга тенг. Шу ўринда минераллар қаттиқлиги деганда нима назарда тутилиши ҳақида ҳам айрим маълумотларни келтириб ўтсак. Минераллар қаттиқлиги немис минерологи Фридрих Моос томонидан ишлаб чиқилган минералогия шкаласи ёрдамида аниқланади.

Шкаланинг ўзига хос жиҳатлари нимадан иборат, у қайси тамойилга асосан тизимлаштирилган – шакллантирилган, деган савол туғилиши мумкин. Моос минералларнинг нисбий қаттиқлигига мувофиқ 10 балли шкала асосида тизимлаштириш таклифини киритди. Бунда ушбу шкалада муайян ўрин эгаллаб турган минерал ўзидан қаттиқлиги паст бўлган минерални тирнайди. Ўз навбатида, ушбу минерал ўзидан қаттиқроқ минерал томонидан тирналади. Қаттиқлиги бир хил минераллар бир-бирини тирнамайди.

Учинчидан, муассасанинг зичлиги 3.21 г/см3 га, бриллиантники эса 3,52 г/см3 га тенг. Шу боис, унинг вазни бриллиантникига нисбатан 10 фоиз кам. Хусусан, диаметри 6,5 мм бўлган бриллиантнинг вазни 1 каратни ташкил этса, худди шу диаметрга эга муассанитнинг вазни 0,88 каратга тенг. Шунинг учун бўлса керак, заргарлар аксарият ҳолларда муассанитларни вазни эмас, балки ўлчамини инобатга олган ҳолда буюмларга ўрнатишни маъқул кўрадилар. Фақатгина буюртмачининг талабига биноан вазни бўйича ўрнатишлари мумкин.

Тўртинчидан, муассанитларнинг нур қайтариш хусусияти (2,69) бриллиантникидан (2,42) юқори. Шунинг учун кўп йиллик амалий тажрибага эга бўлганлар ҳам уларни идентификация қилишда қўпол хатоликларга йўл қўйишлари эҳтимоли кўпроқ. Бешинчидан, супасидан бурчак остида разм солинса, қирраларининг иккиланиши кузатилади, табиий бриллиантлардаги каби ички унсурлар умуман бўлмайди.

Таъкидлаш лозимки, муассанитларнинг иссиқлиқ ўтказувчанлик хоссалари лаборатория шароитида олмослар, яъни бриллиантларникига тенглаштирилганлиги сабабли “Diamond selektor” бриллиантлар детекторлари муассанитларни бриллиант сифатида аниқлаши боис мутахассис бўлганлар ҳам ҳақиқатда уларни бриллиантлар сифатида қабул қилишлари эҳтимолдан холи эмас.

Эътироф этиш лозимки, республикамизда муассанитларни нархи кўрсатилган прейскурантлар даврий нашрларда чоп этилмайди ва савдоси амалга оширилмайди. Шу сабабли уларнинг нархини аниқлашда интернет сайтларидаги мавжуд маълумотларга таянилади. Интернет манбаларидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вазни 1 карат бўлган муассанитнинг нархи 260 - 280 АҚШ долларига, худди шу вазнга эга бриллиантнинг нархи эса 6 150 АҚШ долларига тенгдир. Бундан кўриниб турибдики, муассанитларнинг нархи бриллиантникига нисбатан анчайин арзонлиги ҳамда ташқи кўринишидан бриллиантга ўхшашлиги сабабли заргарлик саноатида кўп қўлланилади ва харидоргир саналади.

Ҳозир кунда дунёда муассанитга ўхшаш синтетик тошларга талаб тобора кучайиб бормоқда. Биз матбуотда кейинчалик фабулит, ИАГ – иттерий алюминий гранат, синтетик рутил, фианит ёки жевалит каби синтетик тошлар ҳақида ҳам маълумот бериб боришни мақсад қилиб қўйганмиз.

“Veritas” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг март ойидан бошлаб Veritas.uz сайти орқали қимматбаҳо заргарлик безак тошлари ва минералларнинг физик хоссалари ҳақида қизиқарли маълумотлар бериб боришни ўзининг иш режасига киритганлигини маълум қилади.

И.КАДИРОВ,

“Veritas” МЧЖнинг заргарлик

буюмларини баҳолаш бўйича эксперти.

http://www.biznes-daily.uz/ru/component/content/article/65-top-news/55058--muassanitmi-yoki-maysonit