Ривожланиш концепцияси: тўғри йўлни кўрсатувчи маёқ

 Жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш салоҳияти кўп жиҳатдан ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга узвий боғлиқдир. Зеро, ижтимоий субъектлар – маҳалла ва оила институтлари, компаниялар, ташкилотлар, уюшмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ушбу ислоҳотларнинг ажралмас элементлари – бош томиридир.

Демак, оила институти вакили сифатида ҳар бир фуқаро оила аъзоси, ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, компаниялар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва уюшмалар раҳбарлари ҳамда ходимлари жамият равнақи, тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшишлари уларнинг юрт олдидаги асосий бурчлари эканлигини англаб етишлари ҳамда шунга бор куч-ғайратини сафарбар этишлари лозим.

Шундай экан, ижтимоий субъект сифатида хоҳ алоҳида шахс, хоҳ ташкилот бўлсин, ягона мақсад теварагида бирлашиши лозим. Зотан, ривожланиш концепцияси муайян жамоанинг изчил ва узлуксиз фаолият юритиши учун таянч-суянчиқ, тўғри йўлни кўрсатувчи маёқ вазифасини ўтайди.

Таҳлилларга кўра, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган катта эътибор ва яратилаётган шароитлар натижаси ўлароқ, баҳолаш фао­лиятига талаб кун сайин кучайиб бормоқда. Бундай ҳолат янги баҳолаш ташкилотлари юзага келишига туртки бўляпти. Бу эса, ўз навбатида, ушбу соҳада фаолият юритиб келаётган баҳолаш ташкилотлари билан соғлом рақобатлашадиган, юз бераётган ўзгаришларга тезда мослаша оладиган муҳитни яратиш учун ходимлар тажрибасини ошириш ҳамда уларни ягона маслак атрофида бирлаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш масаласини кўндаланг қўяди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Veritas” масъулияти чекланган жамияти ўз ривожланиш концепцияси йўналишларини белгилаб олди. Концепция устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 июндаги “Баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган вазифалардан келиб чиқиб белгиланган ва улар қуйидагилардан иборат:

биринчи, ягона жамоа сифатида бирлашиб, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига яратилиб берилаётган барча имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аввало, жамият равнақи ва тараққиёти, тадбиркорлик субъектларининг ривожи ҳамда истиқболини таъминлашни устувор йўналиш сифатида белгилаш;

иккинчи, ҳукумат томонидан олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, фаолият давомида амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш, ходимларда Ватанга ва миллий қадриятларга нисбатан муҳаббат туйғусини шакллантириш, уларни мамлакатимиз ривожи ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга сафарбар этиш;

учинчи, соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшиш, бунинг учун ўз устида ишлаш, касбий маҳорат ва малака оширишга интилиш, тизимга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни халқаро нормаларга мувофиқлаштириш, соҳада илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш, хорижий тилларни ўзлаштириш, мукаммал сўзлашув даражасига эришиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида давлат ваколатли идораларига асосланган таклифлар киритиш, оммавий ахборот воситаларида соҳада рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликлар билан иштирок этиш;

тўртинчи, компания фаолияти узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш мақсадида ички тартиб-хизмат интизомини кучайтириш, ходимларда касбга бўлган иштиёқни шакллантириш, илм салоҳиятини оширишга сафарбар этиш. Инновацион ёндашув асосида касб тайёргарлиги машғулотлари ўтказиб бориш, масофадан таълим йўналишини жорий этиш, компанияда малакали ва иқтидорли ходимлар жамлашни ташкил этиш мақсадида олий ўқув юртлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, электрон кутубхона ташкил этиш, тизимга оид адабиётлар базасини шакллантириш ва бойи­тиб бориш, методик қўлланмалар тайёрлаш вазифаларини юклатиш. Ходимларни рағбатлантириш тизимини барпо этиш ва йўлга қўйиш;

бешинчи, ходимларни соҳа йўналиши ҳамда компания фаолиятини янада яхшилаш юзасидан асосланган ёзма таклифлар киритиб боришга сафарбар этиш;

олтинчи, компания манфаатларини устувор деб билиш. Компания манфаатларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик. Бундай ҳолатлар содир этилган тақдирда тегишли қонуний чоралар кўриш;

еттинчи, иш сифатини янада ошириш, мижозларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш, сансоларлик каби салбий иллатларга йўл қўймаслик, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини имкон қадар соддалаштириш;

саккизинчи,баҳолаш фаолиятига учинчи шахс­ларнинг аралашувига йўл қўймаслик ва бу ҳолатларга чек қўйиш;

тўққизинчи, компания фаолияти изчил ривожланишини таъминлаш, иш давомида йўл қўйилаётган камчиликларни вақтида аниқлаш ва тезкорлик билан бартараф этиш, фаолиятни тўғри йўналтириш мақсадида таҳлил ишларини йўлга қўйиш. Таҳлил тадбирларини ҳар чорак якунлари бўйича ўтказиб, зарур ҳолларда талаб этилган муддатларда таҳлилларни бажариш ва ўрнатилган тартибдаги маълумотнома тақдим этиш;

ўнинчи, ҳар ойда икки маротаба компания ходимлари йиғилишини ўтказиш. Йиғилишларда йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида амалга оширилиши кутилаётган вазифаларни белгилаб олишни тартибга солиш.

Булардан ташқари, қуйидагилар етакчи мезонлар сифатида илгари сурилади ва фао­лиятимизнинг ажралмас қисми деб эътироф этилади:

“Veritas” масъулияти чекланган жамияти ўз фаолияти давомида “Сифатли, ишончли, малакали ва холис хизмат кўрсатиш” тамойилига тўлиқ амал қилмоқда ва шу йўлдан бормоқда. Компаниямиз шиорида қайд этилган “сифат, ишонч, малака ва холис хизмат кўрсатиш” каби сўзлар замирида ўта муҳим масъулият мавжудлигини ҳис этиш ҳамда буни ўзгаларга етказиш улкан аҳамият касб этади. Шиоримиз замирида энг муҳим ҳисобланган “илм” асосий ўринни эгаллайди. Илмсиз малака, касбий кўникма бўлмайди, улар йўқ жойда сифат ҳам бўлмайди. Фақат ақли расо шахс вазиятга холис баҳо бера олади.

Шундай экан, шиоримиз бизни доимо изланишга, янгиликлар яратишга, соҳага инновацион ғояларни жорий этишга, бир қолипга тушиб қолмасликка, иш самарадорлигини ошириш учун тинмай ҳаракат қилишга ундайди.

Бунда ҳар бир тақдим этилган баҳолаш объектига индивидуал ёндашиш, унинг қиймати юзасидан буюмнинг хос параметрларидан келиб чиқиб, якуний хулоса бериш, ҳисоботларнинг таркибий тузилишига алоҳида эътибор қаратиш, ҳисоботлар электрон базасини яратиш, уларни сақлаш тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётда кенг қўллаш тавсия этилади.

Баҳолаш объектларининг қиймати юзасидан фақат ва фақат объектив – холис маълумот бериш ва ушбу маълумотни назарий жиҳатдан исботлаб бера олиш салоҳиятига эга бўлгандагина бу амалиётга киришиш мақсадга мувофиқлиги белгилаб қўйилади. Зотан, нохолис маълумот нафақат ушбу маълумотни тақдим этган ходим шаъни, балки бутун баҳолаш компанияси обрўсига доғ туширади.

Бундай ҳолатларда ходимлардан баҳолаш компанияси туб манфаатларига зид бўлмаган холис ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ишга солиш талаб этилади. Айнан мана шу жиҳатлар, яъни ўз вақтида холис ва тўғри қарор қабул қилиш ёки рад жавобини бериш кўп жиҳатдан компаниямизнинг келгусида барқарор фаолият юритишига туртки бўлади.

Бу эса мижозларнинг саралаш тизимини яратиш кераклигини тақозо этади. Бунда мижозлар шартли равишда хавф гуруҳларига сараланадилар. Хавф гуруҳлари мижозларнинг ишончлилик даражаларига қараб градацияланиши назарда тутилади.

Шунда ўта юқори хавф гуруҳига киритилган мижозларга тегишли баҳолаш объектлари ўта синчковлик билан текширилиши, уларнинг ҳужжатлари янада пухтароқ назоратдан ўтказилиши талаб этилади.

Биз мижозларга уларни қадрлашимизни ўз вазифамизга бўлган холис муносабатимиз ва касбий мажбуриятларимизга масъулият билан ёндашимиз орқали етказишимиз лозим. Бунда мижозлар бизнинг фикримиз уларнинг сармоялари ва мулкларини тассаруф қилишлари юзасидан тўғри қарор қабул қилишлари учун зарур омил эканлигини англаб етишлари даркор.

И. КАДИРОВ,

“Veritas” МЧЖнинг заргарлик

буюмларини баҳолаш бўйича эксперти.

http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/58509--rivojlanish-kontsptsiyasi-tugri-yulni-kursatuvchi-mayoq