Антиквар заргарлик буюмлари қандай баҳоланади?
Заргарлик санъати миллий-бадиий маданият тарихининг ажралмас қисми бўлиб, у халқнинг олис ўтмишдаги олий мақсадларини ўрганишда ёрдам беради. Зийнат буюмлари ҳунар эгаларининг маҳоратидан, муайян даврнинг иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитларидан, маъдан ва тошларга ишлов бериш техникасидан ҳикоя қилса, заргарлар томонидан ясалган буюмлар улар яшаган давр санъатининг услубий хусусиятларини ўзида намоён этади.
Хўш, антиквар заргарлик буюмлари ўзи нима? Улар қайси жиҳатлари билан “оддий” заргарлик буюмларидан фарқланади ҳамда қандай баҳоланади?
Антиквар заргарлик буюмлари сирасига ёши 50 йилдан зиёд бўлган бадиий ва тарихий қийматга эга заргарлик буюмлари киради. Ёши 300 йилдан зиёд бўлган тарихий қийматга эга заргарлик буюмлари эса осори-атиқа, яъни қадимги заргарлик буюмлари сифатида тоифаланади.
Мутахассислар фикрича, антиквар заргарлик буюмлари баҳосини аниқлаш амалиёти ўзига хос жиҳатлари мавжудлиги билан ажралиб туради. Бу каби буюмларнинг баҳоси тор доирадаги ихлосмандлар – коллекционерларнинг талаб ва таклифидан келиб чиқиб белгиланади. Мазкур буюмлар бозори хусусий коллекционерлар, музей, галерея, шунингдек, аукцион уйлари ва арт-ярмаркалардан иборат. Ихлосмандларнинг хусусий коллекцияларида сақланаётган антиквар заргарлик буюмлари тўплами кўргазмаларда намойиш этилиши мумкин.
Антиквар заргарлик буюмларини баҳоловчилар ўзларининг касбий маҳорати ва амалий иш тажрибасидан келиб чиқиб, айнан бир хилдаги буюмларни баҳолашда турлича хулосага келадилар. Улар томонидан аниқланган баҳо ҳар доим ҳам бир хил бўлмайди. Айниқса, антиквар заргарлик буюмларининг ишлаб чиқарилган даври ва қайси минтақа мактабига мансублигини аниқлашда турлича тўхтамга келиниши мумкин.
Бунга эрамиздан аввалги III асрда Шимолий Африка, Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Европа минтақалари ўртасидаги савдо алоқалари ривожланиши ва ўзаро маданий таъсирларнинг кучайиши, усталарнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юриши натижасида заргарлик буюмларининг бадиий дизайни ва услуби уйғунлашиши сабаб бўлган. Шу боис, нархлар ўртасидаги тафовут анчайин сезиларли бўлиши мумкинлигини назардан четда қолдирмаслик керак.
Қуйидаги омиллар ҳам нархлар ўртасидаги тафовут келиб чиқишига сабаб сифатида кўрсатилади:
• баҳоланаётган антиквар заргарлик буюмининг турдош буюмларга нисбатан нодирроқ эканлиги;
• баҳоланаётган буюмнинг ўзига тегишли бозор сегментида турган ёки айланган вақти;
• ясашда қўлланилган материаллар тури;
• буюмнинг сақланганлик даражаси ва ясалиш сифати.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, заргарлик буюмларини баҳолаш билан шуғулланувчи мутахассис кенг миқёсли билимга эга бўлиши, хусусан, физика, кимё, адабиёт, тарих, маданиятшунослик, этнография, хаттотлик ҳамда бошқа фан ва амалий санъат турларидан хабардор бўлиши зарур. Шунингдек, ўзи фаолият юритаётган бозор сегменти, ундаги жорий ўзгаришлар, бозорда айланаётган буюмларга мавжуд талаб ва таклифлардан, бозорларда ҳукм сураётган вазиятдан тўлиқ бохабар бўлиш ҳам талаб этилади.
Антиквар заргарлик буюмларини баҳолаш асносида буюмнинг вазни, қимматбаҳо металл таркиби, яъни асиллик даражаси (пробаси), буюмга ўрнатилган тош тури ва унинг тавсифи диагностика қилиниши лозим.
Буюмни ясашга сарф қилинган меҳнат ва бошқа харажатларни аниқлаб олиш бирламчи амаллардан саналади. Кейинги босқичда буюмнинг ишлаб чиқарилган даври, қайси ҳудуд ёки минтақа мактабига оидлиги, унга босилган хос белгилар, ишлаб чиқарувчининг тамғаси мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқлаб олинади. Агар бор бўлса, махсус каталоглар ёрдамида уларни идентификация қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Галдаги босқичда буюмларга ўрнатилган тошларнинг тарошлаш шакли ҳамда уларнинг табиий ёки табиий эмаслигини аниқлаш ишлари амалга оширилади. Мазкур амал буюмнинг ёшини, яъни ишлаб чиқарилган даврини белгилашда муҳим омиллардан саналади.
Шу билан бирга, буюмнинг бадиий декор услуби, шакли, безак элементларининг мураккаблик даражаси, таркибий белгилар ўлчамларининг ўзаро нисбати ва якуний ишлов бериш техникаси тадқиқ қилинади. Ҳар бир заргарлик буюми ўзига хос услубда ясалган бўлиши мумкинлигидан келиб чиқиб, уни ясаган уста ёки ишлаб чиқарувчи корхонани аниқлаш ва баҳолаш бўйича мутахассислардан катта амалий тажриба ва юқори касбий маҳоратни талаб этади.
Буюм экспертизага тақдим қилингунгача кимга тегишли бўлганлигини, яъни унинг соҳибини имкон қадар аниқлаш муҳим ҳисобланади.
Буюмни ясашга сарф қилинган меҳнат ва турли харажатлар, шунингдек, унинг турли параметрлари аниқлаб олингандан сўнг қуйидаги ўсиш коэффициентлари ва устамаларни қўллаш тавсия этилади (фоизда):
• асиллик даражасига хос белгиси ҳамда ишлаб чиқарилган сана тамғасининг мавжудлиги – 15;
• буюмни ясаган уста тамғасининг мавжудлиги – 10;
• ишлаб чиқарувчи фирма хос тамғасининг мавжудлиги – 15;
• буюмнинг ясалиш тарихини тасдиқловчи ҳужжатнинг мавжудлиги – 110;
• бадиий декор услубининг ўзига хослиги – 10 дан 15 гача;
• безак элементларининг мураккаблик даражаси – 30;
• комплектнинг тўлиқ жамланганлиги – 5;
• нодирлиги – 50;
• музей коллекциясига оид нодирликка эгалиги – 15;
• ғоя, бадиий услубий ёндашувнинг оригиналлиги – 10;
• антиквар буюм сифатида юқори талабнинг мавжудлиги – 15 дан 100 гача;
• буюмнинг ғилофи (футляри) мавжудлиги – 20.
Антиквар заргарлик буюмларининг ишлаб чиқарилган даврига нисбатан қўлланиладиган ўсиш коэффициентлари ва устамалари:
• XX аср – 1,0;
• XIX аср – 1,0 дан 1,5 гача;
• XVIII аср – 2,0 дан 3,0 гача;
• XVII аср – 3,5 дан 5,0 гача;
• XVI аср – 6,0 дан 10,0 гача;
• XV аср – 10,0 дан 50,0 гача;
• XV асргача – 50,0 дан 100,0 гача.
Қайд этилганлардан ташқари, буюмни кўздан кечириш асносида унда пайвандлаш излари бор ёки йўқлиги, таъмир қилинган ёки қилинмаганлиги аниқланади. Таъмир ва қўрғошин кавшарлагич излари борлиги маълум бўлса, буюмнинг нархи 50 фоизгача камайишига сабаб бўлади.
Асиллик даражаси ва ишлаб чиқарувчи уста тамғаси ўрганилаётган заргарлик буюмининг антиквар заргарлик буюмлари сирасига кириш ёки кирмаслигини аниқлаш ҳам муҳим омиллардандир. Хусусан, Марк Розенбергнинг тўрт томлик “Заргарлар тамғаси” номли рисоласи тамғаларни идентификация қилишда муҳим манба сифатида хизмат қилади.
Масалан, 1275 йилда Париж ва 1300 йилда Лондонда жорий этилган шаҳар рамзи зарб қилинган тамғалар заргарлик буюмлари ясалган қимматбаҳо металл қоришмалари ҳақиқатдан ҳам соф олтин ёки кумушдан ясалганлигини далолатлаган. Бу тамғалар ваколатли шахслар томонидан ўтказилган асиллик даражаси текшируви натижасида заргарлик буюмига босилган.
Тахминан XVII асрга келиб металлнинг асиллик даражаси ва ишлаб чиқарилган санаси рақамлар билан белгилана бошланган. Бу амалиёт Франция ва Англияда XV, Германияда эса XVIII асрда киритилган. Шу билан бирга, заргарлик буюмларига ишлаб чиқарувчи уста тамғасини босиш урф бўлган.
Ишлаб чиқарувчи уста тамғаси Франция, Англия ва Германияда XIV, бошқа давлатларда XV–XVI асрларда қўлланила бошланган. Бундан ойдинлашадики, буюмларга босилган асиллик даражаси ва бошқа хос тамғаларни тўғри ўқий олиш буюм ишлаб чиқарилган давр ва ҳудудни аниқлашда беқиёс ўринга эга. Аммо уларнинг ҳақиқий ёки сохта эканлигини ажрата билиш малакаси ва тажрибасига кўп йиллик машаққатли меҳнат орқали эришилишини ёддан чиқармаслик зарур. Зикр қилинган тамғалар сохта бўлса, ўз-ўзидан баҳоланаётган буюм антиквар заргарлик буюми сифатида тан олинмайди ва тоифаланмайди.
Буюмлардаги тошлар антиквар заргарлик буюмларининг қайси даврга тааллуқли эканлигини аниқлашда биринчи ёрдамчилардан саналади. Масалан, энеолит даврига келиб мунчоқлар, тилла зираклар ҳамда юпқа тилла пластинага босма нақшлар билан зеб берилган айлана тўқима камарларнинг хилма-хил шакллари юзага келди. Улар лазурит, ҳақиқ ва феруза сингари қимматбаҳо тошлардан ясалган. Бу жараён кейинги бронза давригача давом этган. Демак, бу буюмлар эрамиздан олдинги
I минг йилликка тааллуқли эканлиги маълум бўлади. Бундан кўринадики, ўша даврлар олмос, сапфир, зумрад, рубин ва забаржад каби қимматбаҳо тошлар безак тошлар сифатида қўлланилмаган.
Бинобарин, антиквар заргарлик буюмларининг ҳаққоний ёки сохта эканлигини аниқлаш учун қуйидаги саволларга жавоб топа олиш кифоя:
1. Муайян даврларда заргарлик буюмларини ясаш учун қандай материаллар қўлланилган?
2. Ўша давр анъанавий услублари, миллий ўзига хосликлари нималардан иборат бўлган?
3. Қандай бадиий декор услублари урф бўлган (ўйма нақш тушириш, босма нақш тушириш, тилла суви югуртиш – зарҳаллаш, қоралаш, қийирлаш ва ҳ.к.)?
Хулоса қилиб айтганда, антиквар заргарлик буюмларини баҳолаш юзасидан умумэътироф этилган, аксарият мутахассислар томонидан якдил қабул қилинган ёндашув мавжуд эмас. Антиквар заргарлик буюмларининг асл баҳосини фақатгина баҳоланаётган предметнинг тавсифини тўлиқ ўрганиб чиқиш орқалигина аниқлаш мумкин.
И.ҚОДИРОВ,
“Veritas” МЧЖ директори,
заргарлик буюмларини баҳоловчи эксперт.
http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/61719--antikvar-zargarlik-buyumlari-qanday-baholanadi