Нодир қўлёзма китоблар қандай баҳоланади?
Баҳоловчи мутахассис ҳар доим ҳам мазкур амалиётни мустақил равишда бажара олмайди. Шу сабабдан, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда, соҳавий йўналишда бой амалий тажрибага эга бўлган эксперт-мутахассислар гуруҳи жалб қилиниши мумкинлиги назарда тутилган.
Бинобарин, қўлёзма кўчирилган санани аниқлашда хатога йўл қўймаслик керак. Баъзан қўлёзма битилган ва кўчирилган сана абжад ҳисоби воситасида сўз бирикмаси таркибида яшириб ифодаланган бўлиши мумкин. Шу боис, айнан қўлёзма китобларни баҳоловчи мутахассис араб алифбосидаги ҳарфлар воситаси билан ифодаланган сонлар асосидаги ҳисоб – абжад ҳисобини яхши билиши талаб этилади. Бирйўла хат тури (шакли) тадқиқ қилинади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксарият қўлёзмалар муҳаққақ, сулс, райҳоний, насх, тавқиъ, риқоъ ва таълиқ хат турларида битилган бўлиши мумкин. Мазкур хат турлари хаттотлар тилида “етти хат” деб юритилади.
Бир қарашда баҳолаш ишлари шу билан якунлангандек бўлиб кўринса-да, олдинда катта меҳнат ҳамда чуқур билим талаб қилувчи энг асосий босқич кутаётганлиги маълум бўлади. Савол туғилади: бу босқич нима учун энг асосий дея тоифаланади?
Биринчидан, асарнинг бошқа қўлёзма нусхалари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқланади. Мисол тариқасида қуйидаги маълумотларни келтириш ўринли. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ва Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажиднинг “Навоийдан чу топгайлар навое” китобида Алишер Навоий асарлари ичида қўлёзма нусхаси энг кўпларидан бири “Арбаъин” рисоласи эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида асарнинг 18 та қўлёзма нусхаси, Туркиянинг Реван ва Султония кутубхоналарида эса иккита қўлёзма нусхаси сақланаётгани, қўлёзмаларнинг аксарияти XIX асрда кўчирилгани, атиги 3-4 таси қадимий эканлиги қайд этилган.
Қўлёзманинг қанча ададда кўчирилганлиги китоб баҳосига таъсир кўрсатмай қолмайди. Адади қанчалик кам бўлса, қўлёзма шунча нодир ва баҳоси юқори бўлади. Нодир китоблар коллекцияси билан шуғулланувчи тор доирадаги ихлосмандларнинг таъкидлашича, мазкур жиҳатлар китоб баҳосининг тақрибан 40–50 фоиз шаклланишига таъсир этувчи шартли омил сифатида эътироф этилади.
Иккинчидан, имкон бўлган тақдирда қўлёзма матнларини айнан ўзидан, имкони бўлмаса, фотонусхалар ёки электрон каталоглар ёрдамида қиёсий таҳлил қилиниб, улар орасидаги фарқлар атрофлича ўрганиб чиқилади. Жумладан, сўзларнинг ўрни алмашиши, сўз ва кичик жумлаларнинг фарқлилиги, қофиялардаги турлилик каби жиҳатлар аниқланади. Одатда бу фарқларга асарнинг умумий мазмунига таъсир этмайдиган жузъий камчиликлар сифатида қаралади. Тузатишлар шахсан асар муаллифи ёки хаттотлар томонидан киритилган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, қиёслаш асносида баҳоланаётган қўлёзмадаги хатолар тўғриланган ва унда йўқ байтлар ёки шарҳлар билан тўлдирилган бўлса, унинг қиймати янада ошишига сабаб бўлади. Агарда тузатишлар шахсан муаллиф томонидан киритилгани аниқланса, мазкур нусха автограф сифатида баҳоланади ва қўлёзма қиймати бир неча баробар ошишига туртки бўлади (Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Абдулмажиднинг “Навоийдан чу топгайлар навое” китоби – 64, 65-бетлар). Бунда нусхаларнинг ишончлилик даражаси нисбатан юқори деб баҳоланади. Қўлёзма варақлари қандай қоғоздан тайёрлангани ҳам муҳим саналади. А.Иброҳимов ва А.Сулаймонов ҳаммуаллифлигидаги “Китобот санъатига оид атамаларнинг изоҳли – иллюстратив луғати”да келтиришича, қоғоз дастлаб Хитойда ихтиро қилинган ва VI–VIII асрларда араблар орқали Эрон, Шимолий Африка, Кипр, Испания, Марокаш ва бошқа мамлакатларга ёйилган. VIII асрнинг иккинчи яримига келиб Самарқандда ҳам қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ушбу қоғозлар таркиби, сифати, тозалиги, нафислиги, жилодорлиги, пишиқлиги ва, албатта, баҳоси билан ажралиб турган. Мисол учун, Самарқанднинг ипакдан тайёрланган “қоғози абришемий”си китобот санъати билан шуғулланувчилар ўртасида қадрланганлиги боис, баҳоси юқори бўлган. Шу сабабдан мазкур жараёнда қоғоз турини фарқлай олиш малакасига эга мутахассисларнинг бўлиши мақсадга мувофиқ саналади.
Айнан мана шу жараёнлар асносида аниқланган мезонлар китоб баҳосининг қарийб 20-30 фоизини ташкил қилиши эътироф этилади. Қўлёзма баҳосининг қолган 15-20 фоизини китоб безаш санъати – муқова, унинг қайси материаллардан ясалгани, унда бўртма ва босма турунж нақшларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, зарварақларнинг асосий нақш безаги тури ва миниатюра композициялари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳамда уларнинг китоб тематикасига боғлиқлиги ташкил қилади. Таъкидлаш лозимки, барча ҳолатларда фоиз нисбатида кўрсатилган қўлёзма баҳосига таъсир этувчи коэффициентлар муқим, яъни қатъий коэффициентлар саналмайди. Мазкур коэффициентлар эксперт мутахассислар томонидан ўрганилаётган қўлёзмага оид мезонлардан келиб чиқиб шартли равишда белгиланади.
Бундан ташқари, қўлёзма эгаси билан ўтказилган якка тартибдаги суҳбат барча саволларга жавоб топишда бирламчи манба сифатида хизмат қилади. Масалан, қўлёзма қай тарзда унгача етиб келган, қўлёзманинг асл соҳиби ким бўлган, қўлёзма соҳибининг муаллифга алоқаси бўлганми, қўлёзма қачон қўлга киритилган ва ҳоказо.
Қўлёзмани тадқиқ қилаётган эксперт мутахассислар гуруҳи назардан қочирмасликлари лозим бўлган яна бир жиҳат борки, бу ҳам бўлса тадқиқ қилинаётган қўлёзманинг қалбаки, яъни яқин йилларда кўчирилган нусха эмаслигини аниқлашдир. Зеро, аксарият коллекционерларда сақланаётган ёки чет эл шахсий аукцион уйларида савдога қўйилаётган қўлёзмаларнинг ҳаммаси ҳам асл нусхалар эмаслигини эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Бинобарин, қўлёзма асл эмаслиги аниқланган тақдирда, унинг баҳоси кескин пасайиб кетади ва ўзининг тарихий қимматини йўқотади.
Эксперт мутахассислар юқорида қайд этилганларни ҳар тарафлама пухта ўрганиб чиққанларидан сўнг китобнинг бадиий ва тарихий баҳоси ҳақида бирламчи таассуротлар ҳосил бўлади.
Агарда қўлёзма катта бадиий ва тарихий аҳамиятга молик деб топилса, келгусида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий меросни сақлаб қолиш мақсадида қўлёзмалар тадқиқоти билан шуғулланувчи илмий марказларга маълумот берилади ҳамда қўлёзма эгасининг розилиги билан доимий сақлаш ва илмий йўсинда фойдалиниш учун қабул қилиб олинади.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, бугунги кунда айнан антиквар – нодир қўлёзма китобларни баҳолаш юзасидан мулкни баҳолаш миллий стандарти ва мазкур йўналишда баҳоловчи мутахассислар томонидан якдиллик билан қабул қилинган фикрлар, қарашлар ва услублар мавжуд эмас. Шу боис, айнан бир қўлёзма баҳоси юзасидан турли баҳоловчилар ўзларининг ёки ёллланган эксперт-мутахассисларнинг амалий тажрибасидан келиб чиқиб, бошқа-бошқа нарх белгилаш ҳолатлари кузатилади.
Шу туфайли қўлёзманинг якуний қийматини аниқлашда экспертлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар умумлаштирилиб, якдил – коллегиал қарор қабул қилинади. Ўрнатилган тартибдаги ҳужжат – экспертиза хулосаси расмийлаштирилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ёйган. Бунга эса улар қолдирган бой меросни пухта ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни ўзлаштириш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришишимиз мумкинлигини англаб етишимиз зарур.
Боши ўтган сонда.
И.КАДИРОВ,
“Veritas” МЧЖнинг
заргарлик буюмларини
баҳолаш бўйича эксперти.
http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/63713--nodir-qulyozma-kitoblar-qanday-baholanadi