Антиквар гиламлар қандай баҳоланади? “Қиз гилам” мисолида

Бугунги кунда мамлакатимизда 200 га яқин баҳолаш компаниялари фаолият юритмоқда. Баҳолаш хизматлари тури кенгайиб боргани сари, ушбу фаолиятнинг янги ва соҳавий йўналишлари юзага келмоқда. Улардан бири антиквар буюмлар – ашёларни баҳолаш йўналишидир.

Таъкидлаш лозимки, мазкур йўналиш республикамизда пайдо бўлганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. Шу боис яқингача антиквар буюмларни баҳолаш зарурияти туғилганда, бундай буюмларни коллекция қилувчи ихлосмандларга мурожаат этилган. Ваҳоланки, улар ваколатли давлат идоралари томонидан берилган сертификатга эга бўлмаганлар. Энди эса, бу амалиёт баҳоловчи компаниялар мутахассислари томонидан расмий равишда ўтказилмоқда.

“Xolis Baholash Xizmati” масъулияти чекланган жамиятини ана шундай компаниялар қаторига киритиш мумкин. Ҳозирда компанияда антиквар гиламлар, нодир қўлёзма ва тошбосма китоблар, антиквар мебелларни баҳолаш малакасига эга мутахассислар фаолият юритиб келяпти.

Компания мазкур соҳа мутахассисларини тайёрлаш, ўқитиш, барча зарурий жиҳозлар ва методик қўлланмалар билан таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди ҳамда унда белгиланган тадбирларни изчиллик билан амалга оширмоқда.

Маълумки, антиквар ашёлар сирасига 50 йилдан олдин яратилган бадиий ва тарихий қийматга эга гиламлар, картиналар, нодир қўлёзма китоблар, заргарлик буюмлари, нумизматика буюмлари, соатлар, маркалар, мебеллар, иконалар, бадиий декор буюмлар, чинни идишлар, ошхона ва бошқа уй-рўзғор буюмлари киради.

Таъкидлаш керакки, баҳоловчи фаолияти давомида ҳар куни антиквар ашёларни баҳолашга дуч келавермайди. Зотан, бундай ашёлар шахсий коллекционерларда сақланиб келинади ва олди-сотди ёки айрибошлаш жараёнлари тор ихлосмандлар доирасида амалга оширилади. Аксарият ҳолларда уларнинг ўзлари зарурий малака, кўникма ва маълумотларга эга бўлганлари боис ҳар гал ҳам баҳоловчиларга эҳтиёж сезишмайди. Фақат олди-сотди ёки айрибошлаш жараёнида иккинчи томон талабига мувофиқ, расмий тасдиқланган ҳужжат лозим бўлган тақдирдагина, баҳоловчиларга мурожаат этадилар.

Шундай ҳолатлар ҳам учраб турадики, айрим хонадон соҳиблари ўзлари сақлаётган ашёлар қандай бадиий ёки тарихий қийматга эга эканлигини тўлиқ англаб етмайдилар ва эскириб қолган, деган важ билан улардан халос бўлишни хоҳлайдилар. Айнан ана шундай вазиятда ушбу буюмларни баҳолатишга эҳтиёж туғилади ва баҳолаш асносида уларнинг айримлари антиквар ашёлар сирасига кириши аниқланади.

Бугун сиз азиз ўқувчиларимиз билан айнан амалиётда дуч келинган ҳолат билан ўртоқлашмоқчимиз.

2018 йилнинг сентябрида баҳолашга асосий фони қизғиш (қирмизи), жигарранг тусли геометрик нақшлар ва турли рангдаги орнаментларга эга сидирға гилам тақдим этилди. Гилам текис сатҳга ёзилиб, фотофиксация қилинди. “Ишчи варақ”га геометрик нақшлар ва орнаментлар нусхаси кейинчалик хос каталоглар ёрдамида идентификация қилиш мақсадида қайд этиб қўйилди. Гиламнинг ўлчами 4,10 Х 2,10 метрни ташкил этди. Аниқланишича, гилам табиий қўй жунидан тўқилган. Жунни бўяшда табиий бўёқ қўлланилган. 1 см2да нечта тугун борлиги, яъни тўқиш зичлиги, хос каталоглар орқали геометрик нақшлар ва бошқа орнаментларнинг услуби қайси мактабга оид эканлиги аниқланди. Сақланганлик ҳолати “аъло” деб топилди. Тўпланган барча маълумотлар умумлаштирилиб, баҳолашга тақдим этилган гилам тахминан 1920–1930 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани, Жойнав (Жойнаув/Джейнау – тожикчадан “янги жой”) қишлоғида араб гиламдўзлари томонидан қўлда тўқилган “қиз гилам” эканлиги маълум бўлди.

“Қиз гилам” номи кейинчалик туркий аҳоли билан ассимилияциялашув жараёнида юзага келганлиги, аслида араблар уни “жиҳози” деб аташгани ҳақидаги маълумот рус этнограф олимаси Е.Цареванинг “Ўзбекистоннинг жанубий сарҳадларида истиқомат қилувчи арабларда гиламдўзлик (XIX аср охири ва XX бошлари)” рисоласида келтирилган. Маълумотларга кўра “қиз гилам”лар келинларга сеп, яъни сарпо тарзида берилган. Одатда бу гиламлар шахсан келинлар томонидан тўқилган ва бир-бирига ўхшамаган.

Гилам композициясини тўлиқ очиб берувчи элементлардан бири геометрик нақшлар ва орнаментларнинг ранги ҳисобланади. Бизнинг ҳолатда гилам 6 (олти) бир-бирига ҳамоҳанг хроматик ҳамда ахроматик ранглардан иборат геометрик нақшлар ва орнаментлар билан безатилган. Хусусан, қизғиш жигарранг (қирмизи), зангори, тўқ кўк, тўқ яшил, қора ва оқ (оч сарғимтир). Ранг танлашда уларнинг рамзий маънолари инобатга олинганлигини назардан четда қолдирмаслик керак. Ушбу гиламда ишлатилган рангларнинг рамзий маънолари ҳақида муайян ахборотга эга бўлишни истаган ўқувчиларимиз С.С.Булатовнинг “Рангшунослик” номли дарслигига мурожаат қилишлари мумкин.

“Ишчи варақ”га қайд этилган геометрик нақшлар ва орнаментлар хос каталоглар ёрдамида идентификация қилинганда қуйидаги орнаментика қўлланилганлиги маълум бўлди. Булар – мурғон эркак, мурғон урғочи, севан, зулфи заргар, зебо санам, чашмак (чашмаиак), морак, жуз. “Мурғон”, “зулфи зар” ва “севан” каби орнаментикалар асосан араб гиламдўзлик санъатида қўлланилиши маълум. Шу боис, мазкур гилам араб гиламдўзлари томонидан қўлда тўқилган, деган хулосага келинди.

Гиламни баҳолаш асносида рус этнограф олимаси В.Мошкованинг “XIX аср охири XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари гиламлари” номли рисоласига мурожаат этилди. Унга кўра, ўша даврларда Қашқадарё вилоя­тида турли миллат ва элатлар – ўзбеклар, тожиклар, эронийлар, туркманлар ва араб­лар истиқомат қилганликлари кўрсатилган. Рисолада келтирилишича, ўша ерлик араблар уларнинг ота-боболари XIV асрда Амир Темур томонидан асир сифатида олиб келиниб, кейинчалик маҳаллийлашиб кетганликларини таъкидлаганлар. Араблар асосан Қашқадарёнинг Қамаши, Хожаки ва Жойнав номли ҳудудларида яшаганликлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Шунинг­дек, рисолани тадқиқ қилар эканмиз, XIX аср охирларига келиб у ерда гиламдўзлик билан асосан туркманлар ва араблар машғул бўлганликларини билиб оламиз. Бундан ташқари, сидирға гиламлар ёки палослар асосан араблар томонидан тўқилганлиги маълум бўлади. Ўша ерлик арабларнинг асосий даромад манбаи гиламдўзлик бўлганлиги алоҳида эътироф этилган.

Энди “қиз гилам” ва ундаги рамзий белгилар – орнаментларга қайтадиган бўлсак, қизиқарли маълумотларга гувоҳ бўламиз.

Е.Цареванинг юқорида номи кўрсатилган рисоласида Ўрта Амударё ҳудудларида истиқомат қилувчи араблар гиламдўзлик балан шуғулланмасалар-да, арабларнинг урф-одатларига бўйсунган ҳолда қизларини турмушга чиқаришдан олдин Қашқадарёнинг Жойнав қишлоғига келиб, гиламдўз ҳунармандларга “қиз гилам” буюртма берганликлари ҳақида айтиб ўтилади.

В.Мошкованинг айтишича, тахминан 1930 йилларга қадар “қиз гилам”ларни тўқиш мажбурий урф саналган бўлса, 1950 йилларга келиб бундай гиламлар тўқиш урфи унутилган. Таъкидлаб ўтганимиздек, “қиз гилам”лар келинларнинг шахсан ўзлари томонидан тўқилган. Бу гиламнинг бошқа гиламлардан фарқи, у даромад манбаи ҳисобланмаган, яъни сотилмаган, фақатгина сарпо сифатида янги уйга олиб кетилган. “Қиз гилам”ларни ҳаттоки турмуш тарзи ўта оғирлашган даврларда ҳам сотиш араблар учун ор саналган. Бўлғуси келинлар келгуси турмуш тарзлари осойишта ва барқарор бўлишини тилаб, гиламларга ўзларида урф бўлган рамзий белгилар – орнаментларни акс эттиришга интилишган. Шу боисдан ҳам “қиз гилам”лар бир-бирига ўхшамаган. Қуйида мазкур орнаментлар нималарни англатиши ҳақида атрофлича маълумот берамиз.

Мурғон эркак – “Нар” - эркак жинсли қуш. Бахт-саодат, ёрига садоқат ва серфарзандлик рамзи.

Мурғон урғочи – “Мода” - урғочи жинсли қуш. Бахт- саодат, ёрига садоқат ва серфарзандлик рамзи.

Севан – оилавий бахт қўрғони, барака ва мўл ризқ рамзи.

Зулфи заргар ёки зулфи зар – “олтин узук”. Садоқат, узоқ умр ва ажралмаслик рамзи.

Зебо санам – “гўзал санам”. Гўзаллик, латофатлилик, гўзал умр ва ҳаёт рамзи.

Чашмак (чашмаиак) – “шаффоф чашма, булоқ”. Софлик, поклик, ҳалоллик, иймонлилик рамзи.

Морак – “илон”. Бахт ва бойлик қўриқчиси рамзи.

Жуз – “юлдуз”. Порлоқ келажак ва коинот билан боғлиқлик рамзи.

Аслида бундай орнаментлар талайгина, лекин биз баҳолаган гиламда айнан улар акс эттирилганлиги боис фақат уларнинг рамзий маъноларини келтирдик.

Баҳоловчи ҳеч бир жиҳатни назардан четда қолдирмаслик учун “ишчи варақ” юритиб бориши, унда баҳолаш объектига тааллуқли барча нозик жиҳатлар қайд этилиши лозимлигини унутмаслиги керак.

Юқоридаги гиламнинг табиий қўй жунидан тўқилганлиги қандай аниқланди? Бу каби гиламлар одатда табиий қўй ёки туя жунидан тўқилганлиги хос адабиётларда қайд этилган. Вазифа гилам айнан табиий жундан эканлигини аниқлаш. Бинобарин, гилам сунъий жундан тўқилган ёки сунъий бўёқ билан бўялган бўлса, бу гиламнинг қадри бир неча бор тушиб кетиши эҳтимоли катта. Лаборатория шароити бўлмаганлиги учун у қуйидаги оддий услуб ёрдамида аниқланади. Бунда гиламнинг орқа тарафидан узунлиги 0,5 см бўлган ип эҳтиёткорлик билан қайчи ёрдамида кесиб олинади. Ип ёқиб кўрилади. Табиий жун, ўзига хос ҳайвон жуни ёнганда тараладиган ис чиқаради, тутаб ёнади, қумалоқ ҳосил қилмайди. Сунъий жун эса ёнганда пластмасса исини таратади ва қаттиқ қумалоқ тугун ҳосил қилади.

Бизнинг ҳолатда ёқиб қўрилган жун ип ўзидан ҳайвон жуни исини таратди ва секин тутаб ёнди. Қумалоқ ҳосил қилмади.

Шунга мувофиқ гилам табиий жундан тўқилган деган хулосага келинди. Жунни бўяшда фойдаланилган бўёқнинг табиий ёки табиий эмаслигини аниқлашда оддий оқ матодан – докадан фойдаланишимиз мумкин. Докани илиқ сувга ботириб олиб, сувини силқиб юборамиз ва докани нам томони билан гиламни яхшилаб ишқалаймиз. Ишқалаш асносида докада ҳеч қандай ранг изи бўлмаса, демак, табиий бўёқ ишлатилган. Докага бўёқ юққан бўлса, у сунъий бўёқ билан бўялган.

Барча айтилганларни умумлаштирадиган бўлсак, баҳолашга тақдим этилган гилам 1920 – 1930 йиллар оралиғида Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани, Жойнав қишлоғида араб гиламдўзлари томонидан қўлда тўқилган “қиз гилам” эканлигига шубҳа қолмайди. Гиламнинг тақрибий баҳоси 95 000 000 (тўқсон беш миллион) сўм этиб белгиланди.

Бундай тўхтамга келишга бир қатор омиллар туртки бўлди.

Биринчидан, ҳозирда сақланганлик ҳолати “аъло” бўлган бу каби “қиз гилам”лар нодир саналади ва ҳозирда деярли сақланиб қолмаган;

Иккинчидан, бу каби “қиз гилам”ларнинг деярли барчаси коллекционерларнинг шахсий коллекцияси ёки музейлар коллекцияларида (Москва ва Санкт-Петербург) сақланмоқда;

Учинчидан, ҳозирда айрим хонадонларда фойдаланишда бўлган аксарият арабий гиламлар, жумладан, “қиз гилам”лар 1930 йилларда Хоразмда ташкил этилган “Умид”, Шаҳрисабз­даги “Ҳужум”, Термиздаги “Ватан” ва Қаршидаги бошқа артелларда технологик услубда синтетик толалардан тўқилган ва улар қўл иши эмас;

Тўртинчидан, бу каби антиквар ашёлар бозори шаффоф бўлмай, бундай ашёлар савдоси натижалари ҳақида очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Уларнинг нархи кўрсатилган
прейскурантлар ёки хос даврий нашрлар чоп этилмаслиги;

Бешинчидан, соҳавий йўналиш бўйича мутахассис экспертлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлар юзасидан билдирилган фикрлар ва экспертиза хулосалари инобатга олинди.

И.КАДИРОВ,

“Xolis Baholash Xizmati” МЧЖнинг

заргарлик буюмларини баҳолаш бўйича эксперти

http://www.biznes-daily.uz/ru/gazeta-birja/63899-antikvar-gilamlar-qanday-baholanadi