Баҳолашнинг миллий стандартлари ҳалқаро стандартларга мослаштирилди
Яқинда Адлия вазирлиги томонидан Ягона миллий баҳо-лаш стандарти давлат рўйхати-дан ўтказилди. Мазкур ҳужжат Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан малакали мутахассислар, баҳоловчи жамоат ташкилотлари аъзолари, халқаро компания, ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган. Ишчи гуруҳ вакилларидан бири, VERITAS компанияси директори, Малакали баҳоловчилар Британия Қироллиги институти аъзоси Зуҳриддин Нигманханов билан суҳбатимиз ягона стандарт мазмун - моҳияти ҳақида бўлди.
– Мазкур ҳужжатни тайёрлашдан кўзланган асосий мақсад нима?
– Бугунги кунда жаҳонда кечаётган жадал ўзгаришлар, глобаллашув жараёни ҳамда ҳалқаро иқтисодий муносабатларнинг ўсиб бориши, иш одамлари ва инвесторларнинг ягона бизнес тилида гаплашишга бўлган эҳтиё жини вужудга келтирди. Барча ҳамкор ва инвесторлар учун бундай ягона тил – ҳалқаро тан олинган тамойиллар асосига қурилган баҳолаш ва молиявий ҳисоботлар стандартларидир. Ҳеч кимга сир эмаски, иқтисодий ривожланишни мақсад қилган ҳар қандай давлат чет эл сармоясини жалб этмасдан ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилмасдан унга эриша олмайди. Шу сабабли Президентимизнинг 2019 йил 1 июлдаги “Баҳолаш фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда паст рентабелли ва фао лият юритмаётган давлат иштирокидаги корхоналарни сотиш механизмларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳам шунга қаратилган. Ушбу қарорда мустақил баҳолаш тизимини янада ривожлантириш, хизматларнинг профессионал даражаси ва сифатини ошириш, баҳолаш ташкилотлари фаолиятини тартибга солишнинг самарали усулларини жорий этиш, ўтказиладиган баҳолаш ишлари натижалари ва объективлиги учун улар жавобгарлигини кучайтириш, шунингдек, давлат активларини сотиш жараёнларини соддалаштириш чоралари белгиланган. Давлат активларини бошқариш агентлигига, Адлия вазирлиги билан биргаликда, энг яхши хорижий амалиётни ҳисобга олган ҳолда, баҳолашнинг халқаро стандартлари тамойиллари асосида, мулкчилик шаклидан қатъи назар объектларни баҳолашнинг ягона миллий стандартларини тасдиқлаш ва амалиётга киритиш вазифаси топширилган. Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартлари (МБС) мазкур қарор ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. ҲужжатДавлат активларини бошқариш агентлиги, баҳолаш соҳаси бўйича жамоат бирлашмалари, етакчи мутахассислар жалб қилинган ҳолда, халқаро баҳолаш стандартлари тамойиллари асосида тайёрланди. Шу боис уни ҳалқаро баҳолаш тамойилларидан келиб чиққан ҳолда тузилган ва миллий иқтисодиётимиз хусусиятлари ҳам инобатга олинган ҳужжат дейиш мумкин.
– Баҳолаш жараёнининг қайси жиҳатлари халқаро талабларга мослаштирилди?
– Баҳолашнинг халқаро стандартлари, аввало, умумэътироф этилган тамойил ва қоидаларни акс эттирган, энг яхши амалиёт ютуқларини жам этган андозалардан иборат бўлиб, минтақалар ёки мамлакатлар учун стандартлар ишлаб чиқишда дастуриламал вазифасини бажариб келмоқда. Халқаро талабларга мослаштириш деганда, миллий стандартларни уларнинг тамойиллари билан уйғунлаштириш тушунилади. Тасдиқланган миллий стандартларимиз тузилиш жиҳатидан ҳам, мазмунан ҳам ҳалқаро стандартларга ҳамоҳанг бўлиб, жаҳон тажрибаси эришган энг охирги ютуқлар, усул ва услубларни
қамраб олди.
– Ҳужжатни тайёрлаш чоғида қайси халқаро амалиёт ўрганилди?
– Аввало ривожланган давлатлар АҚШ, Германия, Англия, Япония тажрибаси, қолаверса иқтисодий ва анъанавий ўзига хосликлари ўхшаш бўлган Россия ҳамда Қозоғистон амалиёти ўрганилди. Стандартларни ёзиш давомида халқаро баҳолаш стандартларидан ташқари, Англия қироллиги ҳузуридаги малакали баҳоловчилар кенгаши томонидан ишлаб чиқилган, баҳолаш стандартлари бўлган “Қизил китоби”, Европа Иттифоқи баҳоловчи ассоциациялари кенгашининг стандартлари ҳисобланган “Мовий китоби” каби минтақавий стандартлардан ҳам фойдаланилди. Лекин, асосан, Халқаро баҳолаш стандартлари (ХБС)га таянилди. Чунки, бу стандартлар халқаро қўмита томонидан ишлаб чиқилади ҳамда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакат баҳоловчиларининг жамоавий фикри, тажрибаси ва касбий мулоҳазаларидан иборат. Илк маротаба 1985 йилда нашр этилган ва шу пайтгача бир неча марта тўлдирилган, ўзгартирилган стандартларнинг 2017 ва 2020 йиллар таҳриридаги Ҳалқаро баҳолаш стандартлари асос бўлиб хизмат қилди. Унда келтирилган баҳолаш тамойиллари жаҳоннинг энг илғор баҳолаш амалиётидан келиб чиққан ҳамда барча охирги иқтисодий ўзгаришларни ҳисобга олиб борувчи “тирик ҳужжат” сифатида қаралади.
– Халқаро баҳолаш стандартларини “тирик ҳужжат” дедингиз, бу нимани англатади?
– Бу баҳолаш стандартлари қотиб қолган ёки тугалланган догма эмас, балки барча иқтисодий, ижтимоий ва маданий ўзгаришларни баҳолашга таъсирини тадқиқ қилиб борувчи, улар билан уйғун ривожланувчи, ўта сезгир ва ҳушёр ҳужжатдир. Баҳолаш стандартлари бўйича халқаро қўмита эндиликда, камида олти ойда бир марта ўзгаришлар зарурати борми ёки йўқлиги бўйича йиғилиб, доимо алоқада бўлишга келишиб олган. Глобал ўзгаришлар, геосиёсий вазият ҳамда бошқа омиллар баҳолашда биринчи бўлиб ўз аксини топади. Бунга ўзингиз ҳам доим шоҳид бўласиз. Масалан, Covid-19 пандемияси дунё иқтисоди ва сиёсатини қанчалик ўзгартириб юборганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Шу сабабдан биз ҳам ушбу янги стандартларимизни “тирик ҳужжат” деймиз. Сабаби Ўзбекистон дунёга юзланди ва дунё билан ҳамнафас бўлиш учун охирги ютуқ ва ўзгаришларни ўзлаштириб боради.
– Ягона миллий стандартда ҳозиргача амалда бўлган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 13 та миллий стандарт нормалари акс эттирилган. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам олинмаган. Албатта, ҳақли савол туғилади: нега?
– Эндиликда баҳоловчидан баҳоланаётган мулк кимга тегишли эканлигидан қатьи назар, ягона тамойил ва ёндашувлар мажмуасидан фойдаланиш тақозо этилади. Шу сабабли, олдин мавжуд бўлган давлат объектларини баҳолашни тартибга солувчи ёки ҳарбий-техникавий мулкларни баҳолашда қўлланиладиган стандартларга эҳтиёж қолмади. Шунинг учун улар ягона ҳужжатда ўз аксини топмади.
– Хабарингиз бор, кўчмас мулк объектларининг бузилишга тушган пайтидаги баҳолашда муаммолар юзага келганди. Уларни бартараф этиш мақсадида бу йўналишда ягона стандартга янги нормалар киритилганми?
– Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида, ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгаси розилиги ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда амалга оширилади.
Бу норма Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарорида белгиланган. Ушбу қарорга кўра, кўчмас мулкни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ташаббускор, яъни, инвестор ҳисобига амалга оширилади.
Баҳолаш натижаларидан тарафлар норози бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги бўйича экспертиза ўтказилади. Экспертиза билан боғлиқ харажатлар баҳолаш натижаларидан норози бўлган тараф маблағлари ҳисобидан қопланади.
Бунда бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулкни баҳолаш, ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ва келишув тузилгунга қадар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Юқорида таъкидланганидек мулк тури, кимга тегишли эканидан қатьи назар, эндиликда баҳолаш ишлари ягона станкўчмас мулк объекти жамият эҳтиёжлари дартлар асосида амалга оширилади. Бу учун олиб қўйилиши назарда тутилган тақдирда ҳам, ягона миллий стандартларимизнинг кўчмас мулкларни баҳолашни тартибга солувчи меъёрлари асосида баҳоланаверади деганидир.
Албатта, бундай жараёнларни стандартлардан ташқари бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳам тартибга солади. Лекин бевосита баҳолашга ёндашув, босқичлар ва баҳолаш жараёнлари фақатгина ягона миллий стандартлар асосида олиб борилади.
– Баҳолашни экспертизадан ўтказиш масаласига ҳам эътибор берилганми?
– Баҳолаш ҳисоботларини экспертизадан ўтказиш масаласи янги стандартларда ўз аксини топган. У баҳоловчилар ва баҳолаш ташкилотлари учун мўлжалланган бўлиб, активлар қийматини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатилган, объектни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ишончли экани текширилганида қўллаш мажбурий ҳисобланади. Шунинг учун тасдиқланган стандартларимиз, албатта, баҳолаш ва экспертиза фаолиятини тартибга солади ҳамда экспертлар учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
– Ягона миллий стандарт баҳоловчилар фаолияти учун нимаси билан муҳим деб ўйлайсиз?
– МБС баҳоловчи, унинг касбий фаолиятида қўйиладиган замонавий талабларни акс эттиради. Баҳолашнинг стандартларга мувофиқ ўтказилиши, истеъмолчиларга шаффоф ҳамда холис баҳолаш ҳисоботларини олиш имконини беради. Соҳада шу пайтга қадар мавжуд бўлган миллий ва халқаро стандартлар орасидаги фарқларнинг йўқолиб, бир-бирига уйғунлашиши, кўплаб баҳоловчилар олдида турган муаммолар ҳал этилиши, уларнинг хизматлари нафақат ватанимиз ҳудудида, балки экспорт жараёнида ҳам рақобатбардош бўлишига олиб келади.
Баҳоловчилар ушбу стандарт талабини бажарар экан, барча оқилона воситалардан фойдаланган ҳолда, баҳолашнинг муносиб базасини танлаш, манфаатдор тарафларни чалғитадиган вазиятларга йўл қўймаслик, ҳисоботларда объектив натижалар кўрсатишни кафолатлаши мумкин.
Замира Тожиева суҳбатлашди.
Мақола Biznes Daily “Биржа” газетасининг 2020
йил 11 июндаги 65(2692) сонида босиб чиқарилган.