ИЛМУ МАЪРИФАТГА БАХШИДА УМР
Ушбу мақолани ёзишга Академик Азизхон Қаюмовнинг улуғ олимлар — Абу Райҳон Беруний ва Абу Али Ибн Синонинг ҳаёт ва ижод йўллари баён этилган рисоласини ўқиш асносида, мен шуғулланётган фаолият — қимматбаҳо тошларни баҳолашга доир қимматли маълумотларга дуч келганим сабаб бўлди.
Абу Райхон Берунийнинг “Китобул– жамоҳир фи маърифатул – жавоҳир” асари А.Қаюмов фикрига кўра араб тилидан ўзбек тилига “Қимматбаҳо тошларни танимоқ учун (лозим) маълумотлар тўплами” тарзида ўгирилиши, фанда уни қисқартириб “Минералогия” деб юритиш кераклиги таъкидланади.
Маълумки, минералогия — геологиянинг таркибий қисми бўлиб, лотинча “minera” — минерал, руда, юноча “λόγος” — таълимот, фан сўзларидан олинган бўлиб, минераллар, улар таркиби, хоссалари, физик тузилиши, морфологияси, шунингдек, табиатда ҳосил бўлиш жараёнлари ва ўзгариш шароитларини ўрганади. Минералогиянинг асосий вазифаси фойдали қазилма конларини қидириш ва баҳолаш, хом ашёни амалиётда қўллаш учун бойитишнинг илмий асосларини яратишдан иборат.
Берунийнинг “Минералогия” асарини мутахассислар шартли равишда икки қисмга ажартиб ўрганишади. Биринчи қисмда ёқут, лаъл, олмос, феруза, ақиқ, лазурит, зумрад, малахит, биллур, қаҳрабо ва бошқа минераллар, иккинчи қисмида эса олтин, кумуш, мис, темир, қўрғошин, бронза сингари қимматбаҳо металлар ҳамда металл қоришмалари тўғрисида маълумот берилади.
Ушбу асарни ўрганар экансиз, Берунийнинг илмий салоҳиятига тан бермасдан иложингиз йўқ. Ҳайратланарлиси шундаки, ўша даврда ҳозиргидек техник имкониятлар мавжуд бўлмасада, асарда тилга олинган барча минералларнинг физик ва кимёвий хоссалари, кристаллар шакли, вужудга келиш шароитлари, ранги ва тусларига таъсир кўрсатувчи унсурлар ва шароитлар, пайдо бўлиш жойлари, нисбий оғирликлари, қаттиқлиги ва баҳоси ҳақидаги маълумотларни тизимга солганидир.
Б.А.Розенфельд, М.М.Рожанская ва З.К.Соколовскаяга кўра айнан Беруний минералларни нисбий оғирлиги бўйича бир-биридан фарқлаш мумкин деган фаразни биринчилардан бўлиб илгари сурди. Бу гипотеза тўғри эканини ўтказилган амалий тажрибалар исботлаб берди.
Хўш, Беруний қандай қилиб бундай натижаларга эришган?
Олим минерал ва металлар нисбий оғирлигини аниқлаш учун махсус ускуна — идиш ихтиро этди. Унинг ёрдамида сиқиб чиқарилган сув ҳажмини синамага нисбатлаш орқали нисбий оғирликни аниқлади.
Тадқиқодчи олим синамаларни, хоҳ у минерал бўлсин, хоҳ металл — 100 мисқол (тахминан 420 г.) ёки 2400 тасуж (тахминан 0,175 г. Шунда, 2400 х 0,175 =420 г.) оғирликда бўлишига эътибор қаратган. У 100 мисқол олтин синамаси 126 тасуж (22,05 г.) сувни сиқиб чиқаришини аниқлаган ва синама оғирликни сиқиб чиқарилган сув ҳажмига бўлган.
Хусусан: 420/(22,05 ) = 19,0476 ёки 2400/(126 ) = 19,0476.
Бунда, олтин нисбий оғирлиги 19,05 г/см3 тенг экани маълум бўлган. Замонавий ҳисоб-китобларга кўра олтин нисбий оғирлиги 19,32 г/см3 тенг эканлигини аниқланган. Демак, Беруний металлар нисбий оғирлигини аниқлаш учун олтиндан эталон сифатида фойдаланган. Минераллардан эталон сифатида сапфирни танлаб олган.
Ҳозирги замон мутахассислари тафовутлар тажриба шароитидаги сув ҳарорати ёки синамалар унчалик тоза бўлмагани сабабли юзага келган бўлиши мумкин деган фаразни билдирмоқдалар.
Таъкидлаш лозимки, замонавий лабораторияларда бу каби тажрибаларда сув ҳарорати 200Сни (йигирма градус) ташкил этади. Беруний ўтказган тажрибаларда сув ҳарорати неча градус бўлгани ҳақида асарда маълумот қайд этилмаган.
Қуйида, Беруний томонидан аниқланган минерал ва металлар нисбий оғирликларини замонавий фан натижалари билан қиёслаш орқали, у томонидан ўтказилган амалий тажрибалар нақадар аниқлик билан ўтказилганини яққол мисолларда кузатишимиз мумкин. Ётиқ чизиқ (/) олдидаги рақамлар Беруний томонидан аниқланган натижаларни, (/) ортидаги рақамлар эса ҳозирги замон тадқиқотлари натижаларини, қавс ичидаги (±) рақамлар тафовутни ифода этади.
Минераллар (г/см3):
гематит – 4,11/4,90 (±0,79); сапфир – 3,96/3,97 (±0,01); рубин – 3,85/3,94 (±0,09); зумрад – 2,75/2,67 (±0,08); лазурит – 2,69/2,40 (±0,29); сердолик – 2,56/2,55 (±0,01), оникс – 2,50/2,55 (±0,05) ва янтарь – 0,85/1,05 (±0,20).
Металлар (г/см3):
олтин – 19,05/19,32 (±0,27); симоб – 13,58/13,55 (±0,03); қалай – 11,33/11,34 (±0,01); кумуш – 10,43/10,50 (±0,07); мис – 8,70/8,93 (±0,23); темир – 7,87/7,86 (±0,01) ва қўрғошин – 7,31/7,28 (±0,03).
Таъкидлаш лозимки, юқорида кўпчилик учун таниш бўлган айрим минерал ва металлар нисбий оғирлиги кўрсатилган холос. Аслида, Беруний фанга таниш бўлган деярли барча минерал ва металлар нисбий оғирликларини аниқлашга муваффақ бўлган.
Олим минерал ва металларни нафақат арабча номларини, балки юнонча (грекча), ҳиндча, форсча ва бошқа тиллардаги номларини ҳам келтирган. Биз эса уларнинг арабча номларини келтиришни лозим топдик.
Жумладан, малахит – даханаж; гематит – шазана; сердолик – ақиқ; янтарь– каҳрабо; лазурит – ложувард; оникс– жаз; гагат – сабаж; тоғ биллури – булур; турмалин – забаржад; изумруд – зумурунд; олтин – заҳаб; симоб – зибак; темир – ҳадид, қўрғошин – усруб ва бошқалар. Олим, ўрни келганда, бу номларнинг келиб чиқиши ва маънолари ҳақида ҳам маълумотлар берган.
Берунийнинг қимматбаҳо тошларни тарошлаш, шакл бериш ва сайқаллаш амалиётини кузатибгина қолмай, балки амалиётда ўзи бевосита иштирок этгани ҳам диққатга сазовор.
Зеро, минералларнинг физик ва кимёвий хоссалари, кристаллар шакли, нисбий оғирликлари ва қаттиқлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлмай туриб тарошлаш, шакл бериш ва сайқаллаш ишларини амалга ошириш мушкул.
Ўз замонасининг олимлари томонидан минералогияга оид битилган рисолалардан фарқли равишда, Беруний ўз асарида минерал, руда ва металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш усуллари ҳақи да атрофлича маълумот берган.
Мисол учун, у бадахшон лаълини ер қаъридан қазиб олишнинг икки услуби ҳақида сўз юритган. Биринчиси — шахта оралаб ўтиш, иккинчси эса тоғ олд бағирларида очиқ ер сатҳидан тоғ жинслари орасидан чиқариб олиш усулидир. Шу билан бирга, кукунланган руда ёки қумдан симоб воситасида соф олтинни ажратиб олиш — амальгамация услуби ҳақида ҳам ахборот бериб ўтган.
Шу билан бирга, Беруний Ҳиндистон, Шри-Ланка ва Африканинг қимматбаҳо тош лар қазиб олинадиган машҳур конлари жойлашган вилоятлар билан бир қаторда, Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларидаги фойдали қазилма конлари мавжуд ҳудудлар геологияси тўғрисида маълумотлар келтириб ўтади. У лазурит, тоғ биллури, феруза, нефрит, гагат, асбест, симоб, темир, мис, олтин ва кумуш каби бошқа минерал ва металл конларининг жойлашуви ҳамда Арманистонда тоғ биллури ва Болтиқ денгизи бўйларида янтарь (қаҳрабо) қазиб олиш услублари ҳақида сўз юритади. Бу эса Беруний геологияга оид билимларни ҳам яхши ўзлаштирганидан далолат беради.
“Минералогия” асарини ўқиш асносида Берунийнинг қимматбаҳо тошлар баҳоси ва уларни аниқлаш методологияси ҳақида билдирган фикрларига ҳам дуч келасиз. Асарда қимматбаҳо тошлардан зумрад, марварид ва бошқа тошларнинг баҳоси акс этган жадвал ўша даврдаги қимматбаҳо тошлар бозори ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлишга ёрдам беради. Унда келтирилган маълумотлар Беруний яшаб ижод этган даврдаги қимматбаҳо тошлар баҳоси юзасидан берилган ягона маълумотлар саналиши, ҳозирги замон мутахассислари томонидан эътироф этилади.
Берунийга кўра, кўз илғаши мумкин бўлган ёт унсур, дарз, доғ, ола чипор излар каби қусрлардан холи бўлган, яхши сайқалланган, ўта ёлқин тўқ қизил тусли, параллелепипед ёки юлдузча тарошлаш шаклидаги 1 тасуж вазнга эга ёқутнинг баҳоси — беш динор бўлиши, вазни икки баробарга ошса, баҳоси ҳам икки барорбарга кўтарилиши айтилган. Худди шу сифатларга эга, вазни 1 данак, яъни 1/6 мисқол бўлган ёқут баҳоси ўттиз динорга етиши, вазни икки ҳисса ошган тақдирда баҳоси тўрт баробарга кўтарилиши таъкидланади. У фикрини давом эттириб, ярим мисқол вазнга эга ёқут — тўрт юз динор, унинг бир мисқоли — минг динор, бир ярим мисқоли эса — икки минг динорга етиши мумкинлигини эътироф этади.
Бу ерда яна бир қизиқ ҳолатга дуч келамиз. Ҳозирги замонавий геммологик лабораторияларда ҳам қимматбаҳо тошларни баҳолашда “4С” тизимига мурожаат этилади. Бу принциплар GIA (Gemological Institute of America — Америка геммология институти) томонидан тизимлаштирилиб, мутахассислар эътиборига ҳавола этилган.
Демак, 1С — carat weight: вазни, 2С — color: ранги, туси, 3С – clarity: тозалиги — доғ ва бошқа ёт унсурлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, 4С — cut: тарошлаш шакли тошларни баҳолашда асосий мезонлар саналади.
Эътибор қаратган бўлсангиз, Беруний ҳам “ёқут”ларни баҳолашда айнан шу мезонларга мурожаат этган. Фақатгина тасниф беришда изчиллик бир оз ўзгарган холос. У тасниф беришда биринчи галда, тошларни ёт унсурлардан холи экани, тозалиги, иккинчи ўринда, ранги ва туси, учинчи бўлиб, тарошлаш шакли ва ниҳоят тўртинчи изчилликда вазнини инобатга олган ҳолда, уларнинг баҳоси юзасидан хулоса берган.
Фикримизча, Беруний томонидан тавсия этилган кетма-кетлик ўша замон амалиёти ва қтимматбаҳо тошларга бўлган талабдан келиб чиқиб белгиланган.
Бундан ташқари, Беруний суюқликлар (сув ва турли ёғлар)нинг нисбий оғирлигини аниқлашга муваффақ бўлган. Бунинг учун у яна бир асбоб — махсус тарозу кашф этди.
Ихтирочи мазкур тарозу ёрдамида совуқ ва иссиқ, шўр ва чучук сувлар нисбий оғирликлари турлича бўлишини аниқлади. У 1200 тасуж совуқ сув сиғимига эга идишга, фақатгина 1151 тасуж иссиқ сув сиғишини аниқлади. Беруний ўтказган тажриба натижаларига мувофиқ, 1000 С сув нисбий оғирлиги 0,959 бўлса, замоновий лаборатория шароитларида ўтказилган тажрибаларга кўра 0,95879 ташкил этди.
Бунинг сабаби, олимнинг амалий тажрибаларга катта аҳамият берган. У ҳар бир минерал ҳақида фаразни илгари суриш олдидан, албатта, амалий тажриба ўтказган. Уларга таяниб якуний хулоса берган.
Қарийб минг йил аввал Беруний ўтказган тажрибалар, ҳозирги замон натижалари билан деярли бир хил эканини кўрсатади. Бу эса буюк олимнинг юксак билим соҳиби, тажрибалари қанчалик аниқлик билан амалга оширилганини тасдиқлайди.
Мухтасар айтганда, буюк олим бутун умрини илму маърифат учун бағишлаган эди.
И. КАДИРОВ, “Veritas” МЧЖ заргарлик буюмларини
баҳолаш бўйича эксперти
Мақола Biznes Daily “Биржа” газетасининг2020 йил 25 июндаги 71(2698) сонида босиб чиқарилган.