Қимматбаҳо буюмларни баҳолаш: таклиф ва таклиф
Маълумки, ҳар қандай мулкнинг ва буюмнинг ўзига мос қиймати бор. Бу қиймат албатта, махсус баҳолаш жараёни орқали аниқланади. Хўш, заргарликка оид маҳсулотлар қандай баҳоланади? Шу ва бошқа саволлар билан “Veritas” баҳолаш компанияси мутахассиси Илёс Кадировга мурожаат қилдик.
-
Заргарлик буюмлари арзон нарса эмас, шу боис уларни харид қилишда жуда эҳтиёткорона ёндашув талаб этилади. Шундай вазиятда қандай йўл тутишни маслаҳат беришингиз мумкин?
-
Дарҳақиқат, ҳар қайси харидор сотиб олаётган маҳсулоти сифатли бўлишини ҳоҳлайди. Бундай ҳолатда алданиб қолмаслик учун ваколатли давлат идоралари томонидан берилган сертифкатга эга баҳоловчиларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг бир неча афзаллик томонлари мавжуд. Биринчидан, баҳоловчи компания хизматлари лицензияланган. Иккинчидан, компанияда фаолият юритаётган баҳоловчи мутаҳассислар махсус тайёргарлик курсларида барча турдаги мулкларни баҳолаш бўйича билим оладилар ҳамда доимий равишда малакасини ошириб борадилар. Учинчидан, улар томонидан аниқланаётган хос қийматлар, яъни баҳолаш объектларининг нархи баҳолаш стандартлари талабларига мувофиқ амалга оширилади ва энг асосийси, буюртмачига белгиланган тартибда муҳр билан тасдиқланган хужжат тақдим этилади. Бу эса баҳоловчи томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ишончлилиги юқори эканлигидан далолат беради.
-
Заргарлик буюмлари, масалан уларга ўрнатилган бриллиантлар қандай баҳоланади?
-
Бриллиантларни экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш жараёни бир – бирига узвий боғлиқ бўлган бир нечта босқичдан иборат.Биринчи босқичда – тошларнинг тарошланиш шакли, тури, қирралар сони ҳамда тарошланиш сифати аниқланади. Иккинчи босқичда – тошларнинг умумий сони, тошларнинг каратдаги умумий вазни аниқланади. Буюмларга ўрнатилмаган тошларнинг вазни 0,001 карат аниқлик ўлчовчига эга электрон тарозу воситасида аниқланса, ўрнатилган тошларнинг вазни эса хос формулалар ёрдамида ҳисоблаб чиқарилади. Буюмга ўрнатилган бриллиантлар вазни аксарият ҳолларда маҳсус асбоб “каратомер” ёки “левиридж” ёрдамида ўлчанади. Учинчи босқичда – брилиантларнинг ранг гуруҳини аниқлаш амалиёти D55 – D65 ёруғлик характеристикасига эга стандарт суниий ёруғлик лампаси ёрдамида нейтрал оқ фонда эталон бриллиантларга қиёслаш орқали юқори малакали мутаҳассис томонидан амалга оширилади. Бриллиантларни ранги махсус қоғоз воситасида текширилади. Текшириш ўтказилаётган хона тўғридан тўғри қуёш нурларидан ҳимояланган бўлиши, деворлари эса оч кулранг тусда бўлиши ҳамда баҳоловчининг уст боши нейтрал рангда бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Тош ён томондан махсус қоғознинг нишабига ётқазилган ҳолда кўздан кечирилади. Тўртинчи босқичда – тозалик гуруҳини аниқлаш 10х лупа ҳамда стандарт суниий ёруғлик лампаси ёрдамида амалга оширилади. Баҳолаш асносида қуйидаги параметрлар ҳам назортадан ўтказилиши ва инобатга олиниши лозим бўлади. Бунда, бриллиантларнинг шакли, куррасимонлиги, супасининг ўлчамлари, рундистининг баландлиги, калеттанинг мавжудлиги ва унинг ўлчами, калетта ва супа марказининг бриллиант ўқидан силжиганлиги, пастки ва устки бурчак нишабларининг талабларга мувофиқлиги, бриллиантларнинг ёндош қирраларни ажратиб турувчи линияни текислиги, бриллиант супаси ва рундист оралиғидаги қирралар баландлиги, микродарзларнинг мавжудлиги, бриллиант сатхининг тозалиги ҳамда найфларнинг мавжудлиги, тозалик ва ранг гуруҳлари визуль тарзда амалга оширилади. Аниқланган таснифлар ишчи варақада қайд этиб борилади. Шундан сўнгякуний босқичга ўтилади. Унда шартли равишда баҳолашга тақдим этилган бриллиантнинг тавсифи қуйидаги тартибда қайд этилади 1 Кр-57-0,51-1/3А. Демак, шартли равишда баҳолашга 1 (бир) дона, эллик етти қиррали, куррасимон тарошлаш шаклига эга, вазни 0,51 карат, 1 – тозалик гуруҳи ва 3 – ранг гуруҳига, “А” яъний аъло геометрик параметрига эга бриллиант тақдим этилган. Юқоридаги тавсифлар инобатга олиниб, бриллиантнинг баҳоси формулалар ёрдамида прейскурантларда кўрсатилган нархдан келиб чиқиб аниқланади.
-
Маълумки, ҳорижий амалиётда заргарлик буюмлари ва бриллиантларни сетификатлаш амалиёти мавжуд. Бизда бу масала қандай йўлга қўйилган?
-
Тўғри, ҳорижда бу соҳа анча ривож топган. Бизда вазият ўзгачароқ. Бизнинг ҳолатимизда муайян мулкни баҳолаш натижалари юзасидан белгиланган тартибда ҳисобот расмийлаштирилиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Шу сабабли, заргарлик буюмлари ва уларга ўрнатилган қимматбаҳо тошлар ҳақидаги сертификатни ҳисоботга илова тарзида бериш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
-
Бу ишлар қайси ҳужжатларга асосан бажарилади, алоҳида стандарт борми?
Ҳозирда республикамизда айнан заргарлик буюмларини баҳолаш бўйича стандарт ёки умумэътироф этилган методик қўлланма мавжуд эмас. Шу сабабли, заргарлик буюмларини баҳолаш асносида халқаро стандартларга мурожаат қилишга тўғри келади. Амалиётда бу турдаги объектларини баҳолашда асосий манбаа сифатида 2007 йил 19 октябрдаги Россиянинг “Профессиональ экспертлар ва баҳоловчилар жамияти” томонидан тасдиқланган СТО 04.23 “Оценка стомости движимого имущества. Оценка стоимости драгоценных камней и драгоценных металлов” (“Кўчар мулкни баҳолаш. Қимматбаҳо тошлар ва қимматбаҳо металларни баҳолаш”) стандарти хизмат қилади. Бундан ташқари айрим ҳолларда қимматбаҳо тошларни баҳолаш жараёнида GIA (Америка геммология институти), CIBJO (Бутунжаҳон заргарлик саноати конфедерацияси), IDC (халқаро олмос- бриллиант маркази) ва бошқалар томонидан амалиётга жорий этилган методологияларга мурожаат қилинади. Таъкидлаш лозимки, қимматбаҳо тошаларнинг нархлари ҳақидаги маълумотлар Республикамиздаги даврий нашрларда, интернет сайтларида чоп этилмайди ёки расмий давлат идоралари томонидан махсус таҳлилий маълумотлар акс эттирилган нашрлар тарқатилмайди, уларни савдоси амалга ошрилмайди, ишлаб чиқарилмайди. Шу сабабли, уларнинг нархлари бўйича етарли ва ишончли маълумот олиш мақсадида Россия ёки АҚШ прейскурантларидан фойдаланилади.
-
Бундан кўриниб турибдики, биздаҳозир қимматбаҳо металларни баҳолашга оид алоҳида стандарт бўлиши талаб этилмоқда, тўғрими?Мутахассис сифатида айтингчи,шундай стандарт ишлаб чиқиладиган бўлса, унда нималар акс эттирилишимуҳим деб ҳисоблайсиз?
Албатта, бундай хужжат бўлиши керак. Адашмасам, 2017 йилнинг сентябрь ойида “Заргарлик буюмларини баҳолаш” тўғрисида миллий баҳолаш стандарти ҳамда уни қўллаш бўйича методик қўлланма лойиҳаси ишлаб чиқилиб муҳокамага қўйилган эди. Лекин негадир ҳалигача қабул қилинмади. Тез орада бу ҳужжат амалиётга киритилади, деган умиддамиз. Айнан, келгусида ишлаб чиқилиши кутилаётган миллий стандарт ҳақида сўз юритадиган бўлсак, уни “Заргарлик ва безак тошлари, қимматбаҳо металлар ва улардан ясалган буюмларини баҳолаш” (Национальный стандарт оценки. “Оценка ювелирных и поделочных камней, драгоценных металлов, а также изделий из них”) деб номлаш таклифини киритган бўлар эдим. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, заргарлик буюмлари қайсидир маънода ижод махсули саналишини унутмаслигимиз лозим. Уларни баҳолашда назарий жиҳатдан қатъий чегара бўлмаслиги керак деб ўйлайман. Бинобарин, ҳар бир заргарлик буюми ўзига хос услубда ясалган бўлиши мумкинлиги, такрорланмаслиги, бадиий безатиш, ишлов бериш, уларга ўрнатилган тошларнинг тарошланиш шакли ва тури тамомила бир – биридан фарқланиши инобатга олигандагина назарий ва услубий жиҳатдан мукаммал хужжат юзага келиши мумкин бўлади. Шубҳасиз, биргина хужжатнинг ўзида барча мезонларни буткул қамраб олиш имконсиз. Шу боис, стандартда асосан заргарлик буюми ясалган қимматбаҳо металлнинг асиллик даражаси, вазни, ўрнатилган тошларнинг ўлчами ва баҳосини аниқлаш изчиллиги, услуб ва ёндашувларини қўллаш, пробир ва геммологик экспертизани ўтказиш тартиби, геммологик лабораторияга қўйиладиган техник талаблар қайд этилиши мақсадга мувофиқ. Айтиб ўтилганлар билан бир қаторда баҳолаш объектларини тавсифлашда қўлланилинадиган айрим атамалар ва шартли белгилар мавжудлиги эътибордан четда қолмаслиги лозим. Зотан, халқаро амалаётда бу каби катта ва муҳим аҳамиятга молик хужжатни муомалага киритиш учун бир қатор бошқа қонун ости хужжатлар (уларнинг мақоми қандай бўлишидан қатъий назар – “Соҳавий стандартлар”, “Техник шартлар”, “Буйруқлар” ва б.) ишлаб чиқилган ва улар бир – бирига ҳамоханг тарзда ишлайди. Гап нима ҳақида кетаётганлагини аниқлаштириш учун мисол келтирмоқчиман. Фараз қилайлик, баҳоловчига заргарлик буюмига ўрнатилмаган шаффоф тош ва унга илова сифатида чет эл геммология лабораториясининг сертификати тақдим этилди. Унда тош бриллиант эканлиги кўрсатилиб қуйидаги тавсиф берилган – 1бр Бт-33 – 1,32 4/5 Б. Цена – 8 780$. Баҳоловчидан сертификатда кўрсатилган баҳони тасдиқлаши талаб этилмоқда. Бунинг учун баҳоловчи тошни қайтдан идентификация қилиши лозим. Айтайлик баҳоловчи тошни айнан бриллиант эканлигини аниқлади. Кейинги босқичда у қолган шартли белгилар нима эканлигини фарқлай олиши лозим. Айнан мана шу босқичда биз юқорида айтган қонун ости хужжатлари қўл келади. Масалан, Россия амалиётига назар ташласак уларда мазкур соҳа юқори даражада ривож топиб меъёрий хужжатлар деярли шаклланиб бўлган. Шулардан, “Техник шартлар – Бриллиантлар”; “Ишлов берилган табиий сапфирлар – Техник шартлар”; “Ишлов берилган табиий рубинлар – Техник шартлар”; “Ишлов берилган табиий зумрадлар – Техник шартлар”; “Қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмлари. Соҳавий стандарт” ва бошқа хужжатлар шулар жумласидандир. Ўз навбатида, бизда ҳам шу каби хужжатларни ишлаб чиқиб, ваколатли давлат органларидан тасдиқлатиб, рўйхатдан ўтказиб, амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади. Фикримизча, бу жараён стандарт лойиҳаси билан бир вақтнинг ўзида олиб борилиши мақсадга мувофиқ.
-
Сиз фаолият юритаётган компанияда заргарлик буюмларини баҳолаш жараёниқандай йўлга қўйилган?
-
Компаниямиз мазкур соҳа йўналишида кўп йиллик амалий тажриба, малака ҳамда касбий кўникмага эга мутахасислар билан жамланган. Барча зарурий асбоб – ускуналар билан жиҳозланган кичик геммологик лаборатория ташкил этилган, у ерда асосан банк муасассаларидан кредит маблағлари олаётган кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли заргарлик буюмлари гаров учун баҳоланади. Баҳолаш ишлари маҳсус жиҳозланган хонада шахсан буюртмачи ҳамда мутасадди банк ходими иштирокида амалга оширилади. Бунда заргарлик буюмлари бирма – бир туркумларга ажратилиб, кўрсатилган асиллик даражаларга мувофиқлиги хос реактивлар воситасида текширилади, вазни ўлчанади, тошларнинг тури, каратдаги вазни аниқланади ва якуний босқичда уларнинг тегишли қиймати ҳисоблаб чиқарилади. Баҳолаш натижалари бўйича ёзма шаклда ҳисобот расмийлаштирилиб, гаров объектини махсус қопга қадоқлаб, пломбалаб буюртмачига топширилади. Бундан ташқари, тўйлар, туғилган кунлар учун совға тариқасида тақдим этилаётган, шунингдек, қарз олди бердиси юзасидан фуқаролар ўртасида бўлаётган ижтимоий муносабатлар ечимини топиш мақсадида заргарлик буюмларининг баҳоси юзасидан оғзаки равишда консультатив маълумот беришни сўраб мурожаат қилаётган мижозларга хизмат кўрсатилади. Шу билан бирга, хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, суд органлари ҳамда адвокатлар уюшмаси вакиллари томонидан гумонланувчилардан олиб қўйилган заргарлик буюмларини баҳолаш ишлари амалга оширилади.
Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.